Ўзганда яна бир кўчки 10 уйни босиб қолди, жабрланганлар йўқ

659

Ўш вилоятининг Ўзган районининг Жалпак-Таш қишлоқ ҳудудида 30-апрелда ер кўчки 10 уйни босиб қолди. Ҳеч ким жабрланмади, сабаби яшовчиларнинг барчаси хавфсиз жойларга кўчирилган эди.

Фавқулотда ҳолатлар министрлигининг маълумотига кўра, аҳоли пунктида 61 уй жойлашиб, уларнинг ўни кўчки остида қолган. Кўчки хавфи остида мактаб, болалар боғчаси, масжид ва фельдшер-акушер пункти ҳам бор.

Эвакуация қилинган қишлоқ яшовчилари ер кўчки тушгунча ҳавфсиз жойдаги 15 чодирга кўчирилган.

Олдин 29-апрелда Ўзган районининг Аюу қишлоғида ер кўчки етти уйни босиб қолган. 24 киши ер кўчки остида қолган эди.

Қутқарув ишлари натижасида 30-апрелда уч марҳумнинг — 2005 ва 2015-йили туғилган икки қизнинг ва вояга етган бир қизнинг жасади топилди. Қутқарув ишлари давом этмоқда, воқеа бўлган жойда 380 киши ишламоқда.

Қишлоқнинг кўпчилик турҳунлари апрелнинг бошида ер кўчки хавфи сабабли эвакуация қилинган экан, бироқ уларнинг бир қисми ўз уйларига қайта келган. Маҳаллий ҳукумат вакилларининг сўзларига кўра, 28-апрелда уларни кўчки хавфи остидаги жойдан кетишни илтимос қилишган.

Муаллиф: Анна Капушенко