Номаълум кишилар Бишкекдаги «Альфа-секьюрити» соқчилик агентлигининг омборига ўғирликка киришди. Ўғрилар умумий 19 дона ўқ отувчи ва травматик қурлни ўғирлаган. Уларни милиция қидирмоқда.
Воқеа 27-апрелга ўтар кечаси бўлган. Ўғрилар «Альфа-секьюрити» соқчилик агентлигининг қурол-яроқ омборига дераза орқали кириб, 19 дона қуролни олиб кетишган.
Бишкек шаҳар ички ишлар бошқармаси номаълум кишилар «Макарыч» травматик тўппончасидан ўнни, «Сайга» овчилик карабинидан тўққизни олиб кетишганини хабар қилди. Бироқ улар жанговар патронларни олишмаган.
Соқчилик агентлиги изоҳ беришдан бош тортди. Милиция текширув олиб бормоқда.
Юстиция министрлигининг маълумотига кўра, агентлик етакчиси Айбек Абилов «Кыргызстан» сиёсий партиясининг ташкилотчиларидан бири.
Муаллиф: Метин Жумагулов