Миллий хавфсизлик бўйича давлат комитети суддан «Ата Мекен» мухолифат фракциясининг раҳбари Омурбек Текебаевнинг қамоқ муддатини узайтиришни сўради. Текебаевнинг адвокати суд бу илтимосномани 21 апрелда кўриб чиқишини айтди.
Текебаевнинг адвокати Чинара Жакупбекова МХДҚ Биринчи май район судига Текебаевнинг қамоқ муддатини узайтириш тўғрисида илтимоснома берганини айтди. Бироқ МХДҚ мухолифатчининг қамоқ муддатини қанчага узайтиргиси келгани номаълум.
Текебаевнинг қамоқ муддати 25 апрелда тугайди.
Мухолифатчи ва «Ата Мекен» партиясининг раҳбари Омурбек Текебаев «Манас» аэропортида 26 февралга ўтар кечаси қўлга олинган. Бир кун аввал мухолифатчига қарши россиялик тадбиркор Леонид Маевскийнинг аризаси асосида «Товламачилик» ва «Порахўрлик» моддалари бўйича жиноий иш қўзғалган.
Маевский 2010-йили «Мегаком» компаниясини бошқаришга имконият олиб бериши учун Текебаевга бир миллион доллар берганини билдирган.
Сиёсатчининг тарафдорлари Бишкекда, Ўш ва Жалолобод вилоятларида бир неча кун давомида митингга чиқишган. Мухолифат Текебаевнинг қамалишини «сиёсий таъқиб» деб ҳисоблайди.
Мухолифатчининг норозилигига қарамасдан, Биринчи май район суди 27 февралда Текебаевни икки ойга қамоққа олган.
Сиёсатчининг адвокатлари Текебаевнинг қамоққа олинишига қарши 29 мартда шаҳар ва Олий судларга шикоят қилишга ҳаракат қилишган. Бироқ қарор аввалгидай қолган.
Унда олий суднинг матбуот котиби Айнура Токтошева Текебаевнинг адвокати қамоққа олишга қарши арзланиш муддати кечикканини, шу сабабли суд коллегияси иш бўйича жараённи тўхтатиб қўйганини билдирган.
Ҳозир мухолифатчи МХДҚнинг ТИЗОсида ўтирибди.
Муаллиф: Айдай Эркебаева