«Кыргызавтомаш» ишхонасининг собиқ ҳайдовчиси Эркин Сопоков Қирғизистоннинг Истанбулдаги бош консуллигига раҳбарлик қилади. Унинг номзодлиги парламентнинг тармоқлар комитетида қабул қилинди, энди уни тайинланиши тўғрисидаги фармонни яқинда президент Алмазбек Атамбаев имзолайди.
Ўз меҳнат фаолиятини Эркин Сопоков «Қадамжой» совхозида оддий ишчи қатори бошлаган. 1985-йилдан 1989-йилгача «Қирғизистоннинг 60 йиллиги» совхозида ҳайдовчи бўлиб ишлаган.
1998-йилдан 2002-йилгача «Кыргызавтомаш»да ҳайдовчи бўлиб ишлаган. Президент Алмазбек Атамбаев 1997-йилдан 1999-йилгача шу ишхонада директор бўлган.
«Кыргызавтомаш»да ишлаб кетгандан кейин 2002-йили Сопоков давлат органларида — ИИМда ва давлат солиқ хизматида турли лавозимларда ишлаган.
1995-йили у Тошкент Ислом институтини битириб, 2002-қили Қирғиз давлат педагогика университетини, 2005-йили Москвадаги тадбиркорлик ва ҳуқуқ институтини Бишкекдаги филиалининг дипломини олган.
Бу «Кыргызавтомаш»нинг ҳайдовчиси давлат амалдори бўлган биринчи ҳолат эмас.
Кўпкари федерациясининг раҳбари Икрамжан Илмиянов ҳам «Кыргызавтомаш»да ҳайдовчи бўлиб ишлаган. Шундан сўнг 2009-йилгача Атамбаевнинг шахсий ҳайдовчиси бўлган.
Кейин Илмиянов вақтли ҳукуматнинг премьер-министрини ёрдамчиси бўлиб, сўнгра аппарати раҳбарининг ўринбосари ва Атамбаевнинг маслаҳатчиси бўлиб ишлаган.
Муаллиф: Метин Жумагулов