Ўш давлат университети 2017-йилнинг сентябридан бошлаб актёрлик маҳорати, операторлик иши ва режиссура бўйича ўқитиш учун талабаларни қабул қила бошлайди.
ЎшДУнинг ижтимоий ва тарбиявий ишлар бўйича проректори Тумонбай Колдошевнинг сўзларига кўра, факультет кино санъати оммалашиб бораётгани сабабли очилмоқда.
«Бугунги кунда жанубдан кўплаган истеъдодли болалар ижтимоий муаммолар сабабли пойтахтга бориб ўқишолмаяпти. Шу сабабли бизнинг ўйимизча, университетимизнинг қошида бундай факультетнинг очилиши талабалар учун яхши имкониятлардан бири бўлиб қолади», — деди у.
Янги факультетга топшириш учун умумреспублика тестининг натижаси керак эмас. Қабул қилиш комиссияси талабаларни кастинг билан ва кинематография бўйича тест асосида танлаб олади.
«Комиссия актёрлик қобилиятларини, тинглаш имкониятларини текшириб, бундан ташқари кинематография оламига боғлиқ бўлган кичик тестдан ўтказади», — деди Колдошев.
ЎшДУ ҳар бир мутахассислик бўйича 20дан 25 ёшгача бўлган абитуриентларни қабул қилишни режалаштирмоқда. Бироқ талабаларнинг аниқ сони бу мутахассисликка қизиққанларнинг сонига боғлиқ бўлади.
Режиссёр Арген Абдил ўғлининг фикрига кўра, киноакадемия режиссёрлари келажак авлодга сифатли тасвирга олиш сирларини ўргатади.
«Ўшда киноакадемиянинг очилаётгани — жуда яхши, сабаби бугунги кунда кино тасвирга олганларнинг кўпчилиги, кино мутахассислигида ўқимаган, аниқроқ айтганда, улар "кўчадан келган одамлар". Уларнинг қанчалик тўғри ёки нотўғри тасвирга олгани энди бошқа масала. […] Агар академия очилиб қолса, келажак авлод сифатли тасвирга олишади. Бу академия Ўшга керакми? Ҳа! Керак», — деди у.
Режиссёрнинг фикрича, кино медиа мутахассислари билан бирга ўқитилиши керак. Сабаби кино журналистика, пиар ва рекламанинг сафига кирган. Абдил ўғлининг сўзларига кўра, агар киноакадемия бозор талабигга тўғри келмаган тор йўналишда ўқитадиган бўлса, унда битирувчилар хусусий тадбирларни тасвирга оладиган бўлиб қолиши мумкин.
«Санъат институтини битирган кадрлар ҳозирги медиа бозорда ўзини-ўзи олиб кетолмайди. Уларда маркетинг, социология ва психология бўйича билим йўқ. Кино санъатини ўқитиш эса — бу бошқа билимларни беришни ҳам режалаштирган», — дейди у.
Университетда олдин ҳам актёрлик маҳорати бўйича санъат факультетида курслар бўлган. Бироқ бу факультет кейинчалик ёпилган.
ЎшДУ ўлкада ва Фарғона водийсидаги энг йирик ўқув жойларидан бири бўлиб саналади. Бугунги кунда университетда 17 факультет бор ва 25 минга яқин талаба билим олади.
Муаллиф: Нурсултан Тороев