"Ата Мекен" камситувчи сўзлари учун Атамбаевни судга берди

813

«Ата Мекен» партияси президент Алмазбек Атамбаевга қарши судга шикоят аризасини берди. Партия вакиллари президентнинг сўзларини шаънига доғ туширади деб ҳисоблашади  — у партияни “ириган”, “Ата Мекен” етакчисини эса “мародёр” деб атаган.

«Ата Мекен» партиясининг вакили Таалайгул Токтакунова Kloop.kgга юристлар Атамбаевга қарши шикоят аризасини тайёрлаб, Бишкекнинг Биринчи май район судига беришганини билдирди.

«Ариза 10 пунктдан иборат, у ерда биз “Ата Мекен” партиясининг ҳам, унинг етакчисининг ҳам обрўсига путур етказувчи сўзларни санаб бердик », — деди у.

Токтакунованинг айтишича, улар президентнинг кечирим сўрашини талаб қилишади. Ҳозирча шикоят аризасида маънавий зарарнинг миқдори кўрсатилмаган.

«Мен бизнинг партиянинг ва етакчимизнинг номуси сотилмайди деб ҳисоблайман. Моддий жиҳатдан у баҳоланиб ёки сотилиши мумкин эмас», — деди у.

Токтакунова ҳукуматни норозилик акциялари тўғрисида хабардор қилиш учун партия мэрияга мурожаат қилганини ҳам билдирди. Текебаевни қўлловчи митинглар 8 мартда бошланади.

Атамбаев 6 мартда бир қатор қирғизистонликларга маданиятдаги муваффақиятлари учун мукофот топшириш вақтида нутқ сўзлаган. Нутқининг орасида у ўлкадаги сиёсий вазият тўғрисидаги фикрини айтди.

Президент «Ата Мекен» партиясини «ириган», унинг етакчисини, қамоққа олинган Омурбек Текебаевни “мародёр” деб атаган.

«“Атамбаев Ата-Мекендан қўлингни торт” деган шиор кўтариб олишибди митингда. Эй, бизнинг Ата-Мекенимиз (Ота Юртимиз) — Қирғизистон. Ўша 7 апрелда қурбон бўлган йигитлар ириган партиянглар учун жонини берди дейсизларми? Ота Юртимиз учун берди!», — деб билдирган Атамбаев.

Президент партияни ва унинг етакчисини ўзи Текебаев билан тортишиб турган шароитда танқидга олди. У низо “Ата Мекен”нинг бошчиси ҳамда 2010 йилдаги Муваффақ ҳукуматнинг бир қатор аъзолари Атамбаев ҳамда унинг маъмурияти Конституцияга таклиф қилган тузатишларга қарши чиқишганда бошланган. Тузатишлар 2016 йилнинг 11 декабрида референдумда қабул қилинган.

Текебаев Атамбаевнинг мулки тўғрисидаги маълумотни текшириб, ошкор қила бошлаган. Аниқроқ айтганда, у Атамбаевнинг Кой-Таш қишлоғида қураётган уйи тўғрисида айтиб берган. Унинг сўзи бўйича, Бишкекнинг ҳозирги мэри Албек Ибраимов хизмат ўрнини олиш учун аёли орқали Атамбаевга 2,7 гектар ерни совға қилган.

Прокуратура ўша вақтда Текебаевнинг сўзларини текшириб чиқиб, битим  қонуний бўлган деган натижага келган.

Кейинчалик Текебаев Атамбаевнинг яширин мулки ва президентнинг Кипрдаги тадбиркорлик манфаатлари тўғрисида маълумот топганини билдирган, лекин у маълумотни очиққа чиқаришга ҳозирча эришгани йўқ.

Текебаев шунингдек мартнинг бошида импичмент эълон қилиш жараёнини бошлашни режалаган эди.

Муҳолифатчи хизмат сафаридан қайтиб келаётганда “Манас” аэропортида 26 феврал куни қўлга олинган. У Миллий хавфсизлик бўйича давлат комитетига етказилган.

Ундан бир кун аввал тадбиркор Леонид Маевскийнинг аризаси сабабли депутатга қарши “Коррупция” ва “Товламачилик” моддалари бўйича жиноят иши қўзғалган.

Маевский 2010 йили Текебаевни ўзига у “Мегаком” компаниясини бошқариш ваколатини олиб бериши учун бир миллион доллар пора берганини айтган.

Текебаевнинг тарафдорлари зудлик билан МХДКнинг қошида митингга чиқиб, унинг бўшатилишини талаб қилишган. Лекин митингларга қарамай, Биринчи май район суди Текебаевни икки ойга қамоққа олган. Ҳозир муҳолифатчи МХДКнинг ТИЗОсида ўтирибди.

Муаллиф: Александра Титова