Қирғизистонлик аёл қизи билан Москва аэропортида яшаб келмоқда

888

Ўзини  “қирғизистонликман” деб таништирган 52 ёшдаги Гулкан Москванинг Шереметьево аэропортида уч ойдан ортиқ вақтдан бери яшаб келади. Ёнида ўсмир қизи бор.

Мақоланинг асл нусхаси «Азаттик» радиосининг сайтига чиққан.

Аэропортнинг D терминалидаги ўтирғичларни бириктириб олиб, тугунлари билан куну тун ўша ерда овқатланиб, тунаб юрган она-болани аэропортга йўловчи ташувчи қирғизистонлик ҳайдовчилар кўриб қолишган. Улардан бири Курсант она-болага бир ойдан бери назар солиб юради:

-Ишга бир ой олдин чиқдим. Йўловчи олиб келиб, бирга ишлаган йигитлар билан гаплашиб тургандим. “Анавуларни қара, лўлилар” деб қолишди. Улар кўрсатган тарафга қарасам она-бола экан.Яхшилаб қарасам қирғизларга ўхшаш. Боягиларнинг олдида индамай қўя қолдим. Кейин чидамай бориб, “эжа, қандайсиз, қирғизмисиз?” деб сўрадим. “Ҳа, укам” деб жавоб берди. Ўшдан экан. Ўшандан бери буларга қандай ёрдам кўрсатишни билмайман. Озроқ пул бериб, чипта олиб берайин десам, “кетмаймиз”дейишади. Болаларнинг айримлари “уч ойдан бери яшайди” деса, айримлари ярим йил бўлганини айтди.

Ёши элликдан ошган, уст-боши эски аёлни аэропортнинг биринчи қаватидан топдик. Темир ўтирғичда кийим-кечакларни тўшаб олиб, ухлаб ётган экан. Ўзини Гулкан деб таништирди. Новқат районининг Кўк-Бел қишлоғидан келганини айтди. Ёнида бошидан оёғигча қорага беланган 17 ёшдаги қиз бор. Унинг исми Улара экан.

Гулкан Далер Юнусов номли Тожикистон фуқаросига пулини олдириб қўйиб, полиция ходимларидан умид қилиб юрганини яширмади.

- Москвада ишлаб 150 минг рубл пул тўплаганман. Кейин Ўшга қайтганмиз. Қизим  “Одноклассники”да бир бола билан гаплашиб, у пул сўараса бераман депти. Кейин у Ўшга учиб бориб, "Сбербанк" карточкамизни олиб кетди. Бу августда бўлган. Ортидан дарров кела олмай, кейинроқ излаб келдик. Полиияга ариза ёздик, элчихонага бордик. Полицияга боланинг исм, фамилиясини, паспортининг нусхасини берганмиз. Улар жиноят иши қўзғалди дейишган. Энди қизим билан кутиб юрибмиз, у ўғри қўлга олинса, пулимизни қайтариб берса, уйга кетамиз деб.

http://

Гүлканнинг Россияда ишловчи боласи бор, Қирғизистондаги қариндошлари ҳам унинг вазиятидан хабардор.

-Қирғизистондаги қариндошларим аҳволимизни билади. Билгани билан нима ҳам ўзгарарди? Ҳаманинг ўз дарди бор. Ўзим етим аёлман. Қизимдан бошқа ўғлим бор. У ҳам Россияда ишлайди. Озиқ-овқатимизга пул солиб туради. Ўшанга нон, чой олиб яшаяпмиз. Болам уста,ёлланиб ишлайди, доимий иши йўқ. “Бизни олиб кет, боқ” деб қандай айтаман, имкони бўлмагандан кейин?!

Гулканнинг айтишича, аэропорт ходимлари билан тартиб посбонлари тарафидан уларга ҳеч қандай шикоят бўлмаган. Аэропортда яшашга керакли ҳожатхона, кафелар бор. Она ва қиз онда-сонда Москвага бориб ёлланиб ишлаб келади, пулдан ёрдам берган юртдошлар ҳам йўқ эмас.

- Қизимни ёши туфайли ҳеч қаерга ишга олмайди. Мен ўзим қайда ишлайман?! Шу аэропортда яшаш  – бизнинг тилагимиз эмас. Уйга кетишга орзиқяпмиз. Бироқ пулни олмагунча ҳеч қаерга жилмаймиз.

Аэропортга йўловчи ташиб ишловчи қирғизистонлик ҳайдовчилар бирикиб, она-болага билет олиб бериб, Қирғизистонга кетишни таклиф қилишган. Улар ватандошларининг ёрдамини рад қилиб, хали ҳам қарзини ундириб олишдан умид қилишмоқда.