Адвокатлар муҳолифатдаги сиёсатчи Омүрбек Текебаевни қамоққа олган санкцияни бекор қилишни талаб қилишди. У порахўрлик ва товламачилик бўйича айбланиб, қўлга олинган. Депутатнинг ўзи ва унинг тарафдорлари эса буни «сиёсий босим» деб ҳисоблашади.
Текебаев адвокатларидан бири Искен Афиджанов улар Текебаевни икки ойга қамоққа олиш тўғрисидаги қарорни бекор қилиш мақсадида Бишкек шаҳар судига мурожаат қилишларини Kloop.kgга билдирди.
«Мен билганлардан, [адвокат] Чинара Жакупбекова аризани тайёрлаб қўйди. Бугун судга берса керак. Аризада Текебаевнинг ишини озодликдан маҳрум қилишга боғлиқ бўлмаган турига ўзгартириш тўғрисида талаб бор», — деди у.
«Азаттык» радиоси билан бўлган суҳбатда Жакупбекова Текебаевнинг иши бўйича қарор қисқа муддатда қабул қилинганини айтган. Бу қарор олдиндан тайёрланган деб ҳисоблайди.
Бу икки ойни Текебаев суд текширув ишлари тугагунга қадар МХДҚнинг тергов изоляторида ўтказади.
Муҳолифатчига қарши «Товламачилик» ва «Порахўрлик» моддалари бўйича жиноий иш қўзғалган. Бунга россиялик тадбиркор Леонид Маевскийнинг кўрсатмалари асос бўлган, у «Мегаком» уяли операторининг акцияларига боғлиқ масаланинг ҳал қилиниши учун Текебаевга 1 миллион доллар миқдорида пора берганини билдирган.
Текебаев 26-февралда «Манас» ҳаво майдонида хизмат сафаридан қайтиб келаётганда ушланган. Бу эса Бишкек кўчаларида норозилик акцияларига сабаб бўлди — митингга чиққанлар сиёсатчини бўшатишни талаб қилиб, унинг қўлга олинишини «сиёсий таъқиб» деб аташмоқда.
Давлат раҳбарини танқид қилгани билан машҳур бўлган Текебаевнинг ўзи эса президент Алмазбек Атамбаевнинг Кипрдаги яширин мулки тўғрисидаги маълумотни фош қилмоқчи бўлган, бироқ ҳозирча буни қилолмади.
Муаллиф: Александра Титова