Мухолифатчи журналист Орунбековга қарши иш тўхтатилди

667

Мухолифатчи журналист Дайирбек Орунбековга қарши жиноий иш муддатидан аввал тўхтатилди. Президентдан халқ олдида кечирим сўраш ва унга 2 миллион сом компенсация тўлаб бериш тўғрисидаги суд қарорини бажармагани учун унга қарши иш қўзғалган эди.

Орунбековнинг адвокати Адил Турдукулов билдиришича, журналистга қарши иш амнистия сабабли тўхтатилган.

Президент Алмазбек Атамбаевга 2 миллион сом компенсация тўлаб бериш ва халқ олдида кечирим сўраш тўғрисидаги суд қарорини бажармаганлиги учун бош прокуратура 2016-йилнинг августининг бошида журналистга қарши янги иш қўзғаган эди.

Бу жиноий иш тўхтатилгани билан Орунбеков давлат раҳбарига компенсация тўлаб беришга ҳамон мажбур. Шунингдек, у давлатдан четга чиқолмайди.

«Кўплаб маслаҳатларга қарамай, Дайирбек Орунбеков четга чиқиб кетмади ва системани енга олди», — деб ёзди Турдукулов ўзининг фэйсбукдаги саҳифаси.

Журналист билан президент орасидаги келишмовчилик бошланишига Орунбековнинг мақоласи сабаб бўлган. У мақолада 2010-йилдаги миллатлар аро низога бошқа сиёсатчилар билан бирга Атамбаев ҳам айбдор деб ёзган эди.

Бош прокуратуранинг даъво аризаси бўйича журналист Атамбаевга икки миллион сом тўлаб бериши керак деган қарор чиқарган, Орунбеков ўз вақтида шунча маблағ йўқ эканлигини билдирган. Жарима пулини тўлаш учун у халқдан маблағ йиға бошлаган — ҳар бир одамдан бир сомдан.

2016-йилнинг июлида Аламудун район суди Орунбековга тегишли бўлган maalymat.kg сайтини таъқиқлаган. Суднинг тушунтириши бўйича журналист президентга компенсация тўлаб бермаган, унда ҳеч қандай мулк бўлмаганлиги сабабли давлат унинг сайтини олган.

Бундан аввалроқ 2015-йили якунловчи пресс-конференцияда президент Атамбаев «кимлардандир олган пулини оқламоқда» деб журналистни айблагани учун у давлат раҳбарининг ўзини судга берган.

Муаллиф: Нуржамал Жанибекова