Руминия: Нима учун минглаб фуқаролар ҳукуматнинг истеъфосини талаб қилишмоқда?

582

Бутун Руминия бўйича 500 минглаб киши митингга йиғилди — фуқаролар порахўрлик учун судланганларни эркинликка чиқишига йўл очадиган ўзгартиришларга қарши. Ҳукумат бундай ўзгартиришлардан бош тортганига қарамай, эл норозилик намойишини давом эттирмоқда.

Сўнги 25 йил ичидаги энг кўламли норозилик акциясига бутун Руминия бўйича 300 мингдан 700 мингача киши йиғилди. Фуқаролар жиноят –процессуал кодексларини ўзгартириш бўйича қарорга қарши чиқишди. Бу ўзгартиришлар бўйича, агар зарарнинг миқдори 47,5 минг доллардан оз бўлса, коррупция учун судланганларни бўшатишга йўл очилади.

Руминия шаҳарларидаги митинглар икки ҳафтадан бери давом этмоқда — энг йирик акция Бухарестда ўтиб, унга 250 минг киши иштирок этди.

Натижада ҳукумат намойишчиларнинг талабига рози бўлиб, ўзгартиришларни бекор қилди, бироқ фуқаролар норозилик ҳаракатларини давом эттиришмоқда. Акциялар иштирокчилари ҳукуматга ишонмайди ва ҳукумат қонунни бир оз таҳрирлаб парламентга жўнатиб юборишидан хавотирда.

Сурат: Al Jazeera
Сурат: Al Jazeera

Ўзгартиришлар тўғрисида премьер-министр Сорин Гриндяну ташаббус кўтарган. У ўз таклифини Руминия турмалари «тўлиб кетгани» билан тушунтирган. Агар ҳукумат ўзгартиришларни бекор қилмаса улар 10-февралдан бошлаб кучга киради.

Амалдорларни озод қилишдан ташқари Гриндяну 5 йилдан кам муддатга судланганларни, ҳомиладор ва вояга етмаган болалари бор аёлларга амнистия беришни таклиф қилган.

Агар ўзгартиришлар кучга кирса, 24 минг евро зарар келтирган порахўрлик бўйича шартли муддатга кесилган сиёсатчи Ливиу Драгня ва пул ювганлик учун 10 йилга кесилган медиамагнат Дан Войкулеску амнистия олишади.

Сурат: AP
Сурат: AP

Жиноят кодексига киритилмоқчи бўлган ўзгартиришлар ўлканинг ўзида эмас, Евроиттифоқ билан АҚШда ҳам танқидга олинган. «Коррупция билан кураш сустлашмасдан, кучайиши керак», — деб билдирди Европа комиссияси.

Германия, Франция ва АҚШ Руминия ҳукуматини мазкур фармонни қабул қилиш ЕИ ва НАТО билан Руминия муносабатларига хавф келтириши тўғрисида огоҳлантиришди.

Сурат: AP
Сурат: AP

Икки ҳафталик норозилик

Британиянинг «The Guardian» газетаси дастлабки митинглар 22-дан 23 январга ўтар кечаси бошланганини ёзган. Шу куни норозилик намойишига тумонат одам чиққан.

Митингга чиққанларни Лондонда, Брюсселда, Парижда, Копенгагенда ва дунёнинг бошқа шаҳарларида яшаган румин фуқаролари ҳам қўллашган.

Январнинг 29идан 30га ўтар кечаси митингга чиққанлар 100 мингдан ортди. Пойтахтда ҳукумат қарорига қарши 50 минг киши кўчага чиқди.

Қаршилик билдирганлар Бухарестда Ҳукумат уйи ёнидаги Виктория майдонига йиғилиб, «Ўғрилар!» деб қичқириб, Гриндяну хизматдан кетишини талаб қилишган. Шаҳарликлар ҳукумат биносига қор думалоқлаб, муз улоқтиришди.

Руминия президенти Клаус Йоханнис норозилик намойишида. Сурат: Reuters
Руминия президенти Клаус Йоханнис норозилик намойишида. Сурат: Reuters

Руминия президенти Клаус Йоханнис «Фэйсбук»даги ўз саҳифасида 31-январни «қора ҳафта» ва «қонун устиворлигига мотам куни» деб атади.

Йоханнис ўзи ҳам норозилик намойишларига қўшилди. У ҳукуматни давлатни кучсизлаштирмоқчи бўлган «сиёсатчилар бандаси» деб атади.

Биринчидан иккинчи февралга ўтар кечаси ўлка бўйича норозилик намойишига чиққанларнинг сони 200 минг кишига етиб, уларнинг ичидан 80 минг киши Бухарестда йиғилди. Ҳукумат уйининг олдида тартибни сақлаш учун полиция қисмлари қўйилди.

Якшанба куни 5-февралда Руминия ҳукумати қарорни бекор қилишга мажбур бўлди. Гриндяну «халқни бўлгиси келмаганини» билдириб, ўзартиришлар бекор қилинганини эълон қилди.

Руминия — Евроиттифоқнинг энг камбағал ўлкаларидан бири, бунинг сабабларидан бири қатори порахўрликни кучайгани айтилади. Шунга қарамай, 2016-йил бу ўлкада Евроиттифоқдаги энг йирик иқтисодий ўсиш рўйхатга олинган.

Муаллифлар: Метин Джумагулов, Чингиз Асангулов