Юқори синф ўқувчилари нимани бўлиша олмайди?

921

 Сўнги бир ҳафта ичида уч мактабдаги ўқувчиларнинг муштлаши ва уларнинг барчасида пичоқ қўлланилгани хавф яратди. Мактаблардаги муштлашда бир ўсмир вафот этди, қолган болалар милицияда сўроқ қилинмоқда.

Мақоланинг асли «Азаттык» радиосининг сайтида чиққан.

19-январда Қочқор районида 10-синфнинг беш нафар ўқувчиси муштлашиб, натижада икки ўсмир пичоқдан яраланиб, бири ўша ерда вафот этса, иккинчиси оғир аҳволда касалхонага етказилган. 21-январда эса Аравон районида мактаб ўқувчиларининг жанжалида уч ўқувчи пичоқланиб, касалхонага тушди. Мактаб ўқувчиларининг пичоқлашишининг сабаби нимада?

Ўқувчилар нима дейди?

Ички ишлар министрлигининг маълумоти бўйича одинги йилларга қараганда, ўтган йили бундай воқеалар камайган. Бироқ болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи мутахассислар очиққа чиқмай, ёпиқ қолган фактлар кўп эканлигини таъкидлашди.

Болаларни фикрини билиш мақсадида Бишкекдаги мактабларнинг бирида билим олган Акниет билан Аргенни сўзга тортдим. Улар 8-синф ўқувчилари экан. Ўсмирлар нима сабабдан муштлашади деган саволга яраша мактабдаги рекетчилик сабаб деган жавоб қайтаришди.

- Катталар ўзларидан кичиклардан пул сўрашади. Пул бермаса калтаклашади. Буни барча мактабларда кўрганмиз.

Акниет билан Арген ҳам болалар орасидаги зиддиятларни бошдан ўтказишган. Бироқ уни муштлашга етказмаслик учун кечирим сўраб, бир-бирига бошқа тегишмаслик учун келишиб олишибди:

- Бизда ҳам бўлган. Бошқа мактабдаги ўзимиз билан тенгдош болалар билан "нимага ундай сўзлайсан" деб зиддият бўлган. Муштлашувга етказмай ўзаро сўзлашиб, барчасини ҳал қилганмиз.

Пойтахтдаги бошқа мактабда ўқиган Камбарнинг айтишича, муштлашув бошқалардан устунлигини исботлашга уринишдан, ўқувчилар орасидаги ўзаро баҳслашишдан келиб чиқади:

- Бир-бирига қўли тегиб кетса ҳам бунинг натижаси муштлашувга айланади. Ёки ўйнаётиб урушиб кетиб, қайта дўстлашиб олганлар ҳам бор.

Ўқувчиларнинг билдиришича, шаҳарларда болалар кўп ҳоллларда районга ва мактабларга бўлиниб муштлашишади. Бироқ лура ўзлари ўқиган ўрта таълим масканларида салбий кўринишлар бўлмайд деб ишонтиришга ҳаракат қилиб, ёмон йўлларга кўпинча оилавий шароити ночор ёки тарбия кўрмаганлар боришини айтишди.

Муштлашган вазиятлар ҳам касб-ҳунар лицейлари билан шаҳар мактабларининг юқори синф ўқувчиларининг орасида ҳам учрайди. Масалан, Акил ўтган йили Жалолобод вилоятида 9-синфни якунлаб, марказдаги касб-ҳунар лицейларининг бирига топширган, бироқ муштлашувлар натижасида ўқишини ташлаб қишлоққа кетган. У болалар орасида пичоқ олиб юриш, муштлашув оддий ҳол эканлигини “Азаттык”қа айтиб берди:

- Нос, сигарет чекишади, кейин пул талаб қилишади. Лицей ёқмади, жуда тартибсиз. Айримлари қўрқиб пичоқ олиб юришади ёки айримлари  бошқаларни қўрқитиш учун пичоқ билан юришади.

"Ўсмирлар орасидаги жиноятлар камайди"

Ички ишлар министрлиги берган маълумотга кўра, ўтган йилга нисбатан ўсмирлар орасида жиноятлар камайган. Маҳкаманинг ўсмирлар билан ишлаш бўлимининг бош инспектори Марат Сапаевнинг билдиришича, жиноятчиликнинг камайишига мактаб ўқувчилари билан ишлаган инспекторларнинг кўпайгани сабаб бўлган. Бироқ қишлоқларда улар хали ҳам танқис:

- Ҳар бир мактабга биттадан инспектор Бишкек ва Ўш шаҳарларигагина бўлинган. Қолган ҳудудларда бундай эмас. Масалан, Ўш вилоятини олсак, бир вақтда 5-6 мактабни назорат қилган инспекторлар бор. Қишлоқларнинг оралиғи 30-40 чақирим. Шундай қилиб, бир ҳафтада 5-6 мактабга боришга улгирмайди. Яқинда бўлган уч воқеага боғлиқ ўсмирлар билан ишлаган инспекторларнинг жавобгарлиги кўриб чиқилмоқда.

Марат Сапаевнинг қўшимча қилишича, жиноятга қўл урган болаларнинг кўпчилигининг ота-онаси муҳожир, ўзлари эса бувиси, бобоси ва тоғаларининг қўлида қолган бўлиб чиқади.

Болалар тарбиясиз қолмоқда

Мутахассислар ўлкадаги ёқимсиз кўринишларга оилаларнинг ижтимоий аҳволи, муҳожирлик салбий таъсир қилаётганини тасдиқлагани билан ўқувчилар орасида жиноятчилик қисқарди деганга қўшилмайди. Болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича мутахассис Айгул Кизалакова бундай жиноятларнинг кўпи рўйхатга олинмай қолган вақтлар кўп эканлигини таъкидлаб, келажак авлодни тарбиялашга давлат миқёсида эътибор қаратиш кераклигини айтди:

- Тартиб органлари болаларга ҳуқуқий томондан ҳам маълумот бериши керак. Ёмон йўлларга киргандан кейин нима бўлишини, қандай жазога тортилишини ўқувчилар тушуниши керак.

Болалар руҳшуноси Уулкан Итикулова тарбиянинг ўчоғи оила, шундан кейингина ўқитувчилар қўлида эканлигини таъкидлади. Унинг фикрича, ҳозирги вақтда ота-оналарнинг кўп қисми болаларни таъминлаш, қорнини тўйдириш билан машғул бўлиб, уларга эътибор қаратишни, маънавий томондан тарбиялашни унутиб қўйишмоқда. :

- Биринчи навбатда ота-оналар эътибор қаратиши керак. Боласи нима билан машғул, қандай мусиқа эшитяпти, қандай ўйин ўйнаётганини назоратга олиши керак. Бироқ ҳозир бунадй жавобгарликни барчаси ҳам билишмайди.

Шундай қилиб, ҳуқуқ ҳимоячилари, руҳшунослар ўқувчилар орасидаги ёқимсиз ҳолатлар учун жавобгарликни ота-оналар билан ўқитувчиларга, сўнгра тушунтириш ишларини олиб бормайди деган асосда милицияга, давлатга юклашади. Ўқитувчилар эса мактаб вақтидан ташқаридаги фактларга жавоб бермаслигини айтишади. Ўтган ҳафтада Қочқорда болаларнинг муштлашуви сабабли бир ўқувчи пичоқдан яраланиб вафот этган. Шундан сўнг Аравон районида, Норин шаҳрида мактаб ўқувчилари пичоқлашган воқеалар бўлди. ИИМ бу уч воқеа тунда бўлганини маълум қилди.

Иллюстратив сурат.