Қирғизистон элчиси Турк ҳукуматига ОАВда террор борасида ноаниқ ахборот берилганидан шикоят қилди

635

Қирғизистон элчиси Ибрагим Жунусов Туркиянинг вице-премьер-министри Туғрул Туркеш билан учрашди. У қирғизистонликларнинг террористик ҳужумларга иштироки тўғрисидаги турк матбуотидаги «нотўғри» маълумотларидан норози эканлигини билдирди.

Учрашувда  Жунусов Туркешга қирғизистонликларнинг террор ҳужумларидаги иштироки тўғрисидаги турк матбуотининг «далилсиз» хабарлари икки ўлка орасидаги муносабатларга «салбий» таъсир қилаётганини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, Қирғизистон элчилиги йирик турк нашрининг «нотўғри» маълумотига раддия беришини талаб қилди.

«Элчилик Туркиянинг энг йирик матбуот агентликларига асоссиз маълумотни инкор қилишни талаб қилиб тегишли хат жўнатди», — деб билдирди у.

Истанбулнинг «Рейна» тунги клубига янги йил кечаси бўлган ҳужумдан кейин Туркия полицияси 39 одамни отган қотилни топишга ҳаракат қилган.

У вақтда ВВСнинг турк бўлими ва «Haber Turk» маълумот манбааси «Ихлас» маълумот агентлигининг хабарига таяниб, Истанбулдаги террор ҳужумнинг ижрочиси Қирғизистондан келганини хабар қилган.

Гумондор фуқаронинг паспортдаги расми Туркиянинг давлат TRT World телеканалидан кўрсатилган — террор ҳужумга жавобгар қатори 28 ёшдаги қирғизистонлик Яхё Машраповнинг номи айтилган.

Кейинчалик Машраповнинг ўзи ҳам, икки ўлканинг ҳукумати ҳам бу маълумотни рад қилишган. Қирғизистон фуқароси турк полицияси уни террорчига ўхшатиб, чиндан ҳам сўроқ қилганини, бироқ кейин кечирим сўраб қўйиб юборганини айтган.

Икки ҳафтадан сўнг куч органларининг ходимлари Ўзбекистон фуқароси Абдулқодир Машариповни қўлга олишган. Унинг бармоқ излари  полициядагиси билан мос келган.

Шунда турк полицияси Машарипов Қирғизистондан борган дўстининг уйида қамоққа олинганини хабар қилган. Бироқ кейинчалик ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари бу маълумотни янгилаб, гумондор Қирғизистондан эмас, Ироқдан борган дўстининг уйида қўлга олинганини билдиришган.

Муаллиф: Нуржамал Жанибекова