Қирғизистон элчилиги турк ОАВларидан кечирим сўрашни талаб қилди

943

Янги йил кечасидаги Истанбулдаги терактда иштироки бор деган гумон билан яна 27 одам қўлга олинди. Полициядан маълумот олдик деган турк медиаси уларнинг кўпчилиги Тожикистон, Ўзбекистон ёки Қирғизистоннинг фуқаролари ва хитойлик уйғурлар деб ёзишган. Қирғизистон элчилиги бу маълумотни инкор қилди.

Мақоланинг асл нусхаси «Азаттык» радиоси сайтида эълон қилинган.

Полициянинг операцияси 18-январда Бурса шаҳрида бўлган. Бу ҳақда ёзган "Анадолу" давлат агентлиги ва "Хурриет" газетаси қўлга олинганларнинг 15 нафари аёллар деди. Шунингдек, одамлар яшаган олти-етти уйдаги 29 бола ҳам полициянинг назоратида деб ҳабар берилади.

Турк расмийлари бу тўғрисидаги билдирувни тарқатишмади.

Ibragim-ZHunusov

Бу вақтгача эса орасида қирғизистонликлар бор деган хабарни Қирғизистоннинг Туркиядаги элчиси Ибрагим Жунусов рад этди:

- Бурса полицияси билан ўша вақтдаёқ боғландик. Полиция қўлга олинганлар орасида қирғизистонликлар йўқ эканлигини бизга айтди.

Бироқ тинтув олиб борилган уйларнинг биридан қўлга олинганларнинг ўзларига тегишли ҳужжатлардан ташқари ҳам 40 паспорт, 38 вақтинчалик гувоҳнома ва янги 15 уяли телефон чиққан.

- Ўшанинг ичида бир паспортни Қирғизистонники дейишмоқда. У қалбакими ёки аслми ҳозир текширяпмиз, - деди Жунусов.

Истанбулдаги сўнги теракт бўйича туркиялик маълумот манбааларида шу билан учинчи марта Қирғизистонга боғлиқ тасдиқланмаган маълумот тарқаган. Терактдан уч кун ўтгандан сўнг унда гумонланиб қирғизистонлик қўлга олинди дейишган. Ҳақиқатдан қирғизистонлик йигит қўлга олинган, лекин айби йўқлиги аниқланиб, қўйиб юборилган.

Сурат: Atilla Güven
Сурат: Atilla Güven

Кейин гумондор ўзбекистонлик Истанбулнинг Эсенйурт ҳудудида қўлга олинганда уни қирғизистонлик кишининг уйида яшаб юрган деган маълумот тарқади. Бироқ уйнинг эгаси Ироқ фуқароси бўлиб чиқди.

18-январдаги янглиш хабардан кейин турк ахборот воситаларига хат ёзилганини элчи Ибрагим Жунусов "Азаттык"қа билдирди:

- Умумий ўндан ортиқ сайтга, ОАВларга расмий хат жўнатдим. "Террорчи ушланган уй қирғизистонлик фуқароники" деган хабарга боғлиқ яна ёздим. Буларни барчасини инкор қилиб, кечирим сўранг дедим. Жавобини кутяпман. Агар кечирим сўрашса, шунга яраша сўзлашамиз.

Полициянинг билдиришича, қўлга олинганлардан бири "Рейна" клубига ҳужум уюштирган шахсни бир қанча вақт уйида яширганликда айбланмоқда. Ушланганлар орасидаги тожикистонлик икки фуқаро Истанбул, Измир ва Бурса шаҳарларидан уйларни ижарага олиб, “Ислом давлати” террор гуруҳига аъзо бўлишни истаган чет ўлкаликларни ўша ерга жойлаштириб турган деб ёзди Анадолу агентлиги.

Янги йил кечаси Истанбулдаги "Рейна" клубига бориб, 39 одамни отиб ўлдириб, 70га яқинини яралаган одам 16-январда қўлга олинган.

У 34 ёшдаги ўзбекистонлик Абдуқодир Машарипов бўлиб чиқди. Полиция уни қўлга олингунга қадар бир неча марта манзилини алмаштирганини билдирган.

Истанбул мэри Васип Шахин 17-январда шубҳалига ёрдам берди деб қўлга олинганларнинг сони 50ка етганини билдирган эди.