Шимкент шаҳрида икки қаватли уй портлаб қулаб кетди. Бир аёл ҳалок бўлди. Портлашнинг аниқ сабаби ҳозирча номаълум.

607

Эрталабки соат 4да Шимкент шаҳрида портлаш бўлиб, натижада икки қаватли уй қулаб тушди. Уйда икки оила истиқомат қиларди.

Портлаш сабабли бир аёл қурбон бўлди. Жабрланганлар орасида ҳалок бўлган аёлнинг фарзанди ҳам бор.

Портлашнинг сабабларини Жанубий-Қозоғистон вилоятининг фавқулотда ҳолатлар бўйича департаментининг мутахассислари аниқлашмоқда. Дастлабки фараз бўйича бунга иситиш тизимининг бузилгани сабаб бўлган.

Вайроналар остидан газ камини ва электр иситиш ашёлари топилган. Ҳозирча иситиш воситаларининг қайси бири портлашга сабаб бўлгани номаълум.

Вайрон бўлган майдон 64 квадрат метрни ташкил қилди. Қутқарув ишларига ФҲМ ходимлари, ўт ўчирувчилар ва тиббий ёрдам бригадаси иштирок этди.

Бу жорий йилда Қозоғистонда биринчи марта қулаётган уй эмас. Аввал 1-январда, Қарағанди вилоятининг Шахан қишлоғида умумий уйга тегишли иситиш қозони портлаб кетганлиги сабабли бино қулаб тушган. Бу уйда яшаган 118 кишининг тўққиз нафари ҳалок бўлган.

Муаллиф: Метин Жумагулов