Россия футбол бўйича жаҳон чемпионатини ўтказмаслиги мумкин

730

ФИФА Россия футбол ташкилотининг президенти Виталий Муткога нисбатан текширув ишларини бошлади. Агар унинг россиялик спортчиларнинг допинг можаросига алоқаси борлиги исботланса, унда футбол бўйича 2018-йилдаги жаҳон чемпионати Россиядан бошқа давлатда ўтказилиши мумкин.

Британиянинг Daily Mail нашрининг маълумоти бўйича Футбол бўйича халқаро федерация (ФИФА) Виталий Мутконинг Россия давлат миқёсидаги допингдан фойдаланишга алоқаси бор-йўқ эканлигини текшириш ниятида.

Текшириш ишини олиб боришга канадалик ҳуқуқшунос Ричард Маклареннинг россиялик спортчиларнинг допинг-пробаларини алмаштирилгани бўйича баёноти туртки бўлган.

Баёнотда келтирилган далилларга кўра, тизимли тарзда допинг-пробаларнинг алмаштирилиб турилиши Россиянинг спорт министрлиги томонидан қўллаб турилган. Мазкур министрликка 2016-йилнинг октябригача Виталий Мутко раҳбарлик қилган эди.

Собиқ спорт министрининг кўп йиллик кўз бўямачилиги исботланса, Мутко футбол фаолиятидан четлатилиб, шунингдек, 2018-йилда ўтувчи футбол бўйича жаҳон чемпионати Россиядан бошқа ўлкага кўчирилиши мумкин.

ФИФАнинг собиқ президенти Йозеф Блаттер жаҳон чемпионатини Россиядан бошқа ўлкага ўтказишни "катастрофа" деб атаган.

«Агар жаҳон геосиёсий факторларини эсга олсак, унда Россиядан 2018-йилдаги футбол бўйича жаҳон чемпионатини ўтказиш ҳуқуқини олиш катастрофа бўлиб қолади», — деб билдирган Блаттер.

Мутконинг ўзи эса ФИФАдан текширув бўйича ҳеч қандай билдирув олмаганини айтган.

«Бундай билдирувларга мен хотиржам муносабатда бўламан», — деган у.

Бу вақтгача Россия бобслей ва скелетон бўйича жаҳон чемпионатини ўтказиш ҳуқуқидан ажраган.

Россия футбол бўйича жаҳон чемпионатини ўтказиш ҳуқуқини 2009-йили олган. Чемпионат 2018-йилнинг 14-июнидан 15-июлигача Россиянинг 11 шаҳрида ўтиши керак.

Муаллиф: Каминат Имирханова

Сурат: AFP