Қирғизистон: Нима учун ўспиримлар ўз жонига қасд қилади?

685

Қирғизистоннинг ҳукумати болаларнинг ўзини ўлдиришига қарши курашишга уринаётганда Сузоқда 15 ёшдаги бола ўз жонига қасд қилди. Бу тадбирлар қанчалик самарали? Нима учун ўспиримлар ўзини ўлдирмоқда?

Сузоқдаги 15 ёшли ўқувчи Шерзат Алимбеков ҳамқишлоғининг “10 минг сом ўғирладинг” деган даъвосидан кейин ўзини ўлдиришга борган. Шерзатнинг воқеаси жамоатчиликда муҳокамаларни яратиб, уни омбудсман, милиция ҳамда маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари текширмоқда.

“Ўспиримнинг бу қадамга нима туртки бўлди?” деган саволнинг жавоби Шерзатнинг умрининг сўнги кунларида топилади шекилли — ўлим олдидаги хатида у пулни олмаганини ёзиб, “мени калтаклади” деб ҳамқишлоғини айблаган.

Шерзатнинг отаси ўғлини ота-онаси йўқ вақтда тергов қилган милиция ходимлари уни ўз жонига қасд қилишгача олиб борди деб ҳисоблайди. Жалолободлик милиция ходимлари ўспиримнинг ўлимига сабаб бўлганидан тониб, ўқувчи ўзи ўғрилигини тан олганини айтишмоқда.

“Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилувчилар лигаси”нинг психологи Перизат Асилбаева ўспиримларни ўз жонига қасд қилишига бир неча сабаб, асосан зўравонликка алоқадор сабаблар туртки бўлади деб ҳисоблайди.

“Масалан, айрим болалар қариндошлари тарафидан жинсий зўравонликка учраган, уларга ҳеч ким ёрдам бермаган, ҳеч кимга айта олишмаган ҳам. Ишончли муомала бўлмаган, катталар мактабда ҳам, уйда ҳам уларга қўллов кўрсатишмаган, шу боисдан улар шундай аҳволда қолиб, ўз жонига қасд қилишга мажбур бўлишган, чунки  зўравонликка чидайверишдан чарчашган”, — дейди у.

Асилбаеванинг айтишича, ўзини ўлдиришга ўспиримларга менсимай муомала қилиши ҳам сабаб бўлиши мумкин  — масалан, мактабда ўқитувчилар камбағал оилаларнинг болаларига қаттиқ гапириб ёки эътибор бермай қўйишади.

“[Ўқитувчилар] кўнгилларига ўтирганларни бошқалардан ажратиб бошқача муомала қилишади, масалан камбағал оиланинг болаларига эса беэътибор қарашиб, мактаб фондига қандайдир пулни олиб келмай қолишса, уларни эл олдида камситишади”, — дейди психолог.

Унинг сўзига кўра, ўспиримлар ўз ғурурига теккан нарсаларга ҳиссиётли бўлишади.

Зўравонлик ва ўз жонига қасд қилиш билан курашиш

Шерзат воқеаси қирғиз ҳукумати болаларга қарши зравонлик билан курашишга харакат қилаётган бир вақтга тўғри келди.

Икки ой аввал ўспиримлар ўз жонига қасд қилиши билан алоқадор мавзу ҳукумат йиғинида кўтарилган, беш кун аввал эса парламент балоғатга етмаганларга нисбатан зўравонлик ва уларни ўз жонига қасд қилишга мажбурлаганлар учун жазони кучайтириш маъқулланган.

Статистика бўйича жорий йилнинг биринчи 7 ойида 64 киши ўз жонига қасд қилган бўлса, уларнинг 95 фоизи мактаб ўқувчилари бўлган — августнинг сўнгида премьер-министр Сооронбай Жээнбековга шундай маълумот берилиб, у ўспиримлар орасида қонун бузарликларнинг олдини олиш бўйича иш олиб боришни топширган.

Жиноят кодексига ўзгартириш киргизиш бўйича ташаббус кўтарган депутатлар ўзини ўлдиргунга қадар етказиш учун жазонинг кучайтирилиши балоғатга етмаганларга нисбатан зўравонлик кўпайиб кетгани билан боғлиқ эканини тушунтиришмоқда. 2014 йили болаларга қарши 142 оғир жиноят содир этилган бўлса, 2015 йили бу 155га етган.

Аммо тузатишлар мактаб ўқувчиларининг ўз жонига қасд қилишгача олиб боргани учун ўқитувчиларнинг, шифокорларнинг,ота-оналарнинг, қариндошлар ва тарбиячиларнинггина жавобгарлигини оширади.

ЮНИСЕФнинг болаларни ҳимоя қилиш бўлимининг мутахассиси Елена Заиченко жазони кучайтириш боланинг ота-онасига тегишли бўлмаслиги керак деб ҳисоблайди.

“Ота-онасини жазолаш билан бу муаммо ҳал бўлмайди. Бундан ташқари, боласи ўзини ўзи ўлдирган ота-оналарнинг алами билан айби куч олиб турганда уларни жазолаш бу вазиятни янада кучайтириб, муаммони ҳал қилишга етарли фойда бермайди”, — деб тушунтиради у.

Заиченконинг айтишича, оиладаги зўравонликнинг асосий сабаби — ота-оналар болаларни зўравонликдан бошқа усуллар билан тарбиялай олмагани.

“Ота-оналар болаларни шахсий буюмидек кўришади, уларнинг фикри билан ҳисоблашишмайди. Ота-оналарни тартибни ўрнатишни ва тарбяилашнинг самарали усулларига ўргатувчи дастурлар тузилиши керак. Жамиятдаги яна бир муаммо бу болаларни уриш ва танаси орқали жазолаш одатий кўриниш деб ҳисоблангани”, — дейди у.

Муаллифлар: Давид Сабиров, Бексултан Амантур уулу

Фото: flickr, Eric