Парламент вояга етмаганларни никоҳлаш тўғрисидаги қонунга овоз беришди

712

Парламент вояга етимаганларни никоҳлаганлар жавобгарликка тортилиши тўғрисидаги қонунга охирги учинчи ўқишда овоз беришди.

Ҳужжатни 60 депутат қўллади, 48 нафари қарши бўлди. Энди қонун лойиҳаси президентга имзолаш учун жўнатилди.

Қонун лойиҳаси вояга етмаганларга никоҳ ўқиган дин ҳодимларини ва ота-оналарни жиноий жавобгарликка тортади.

Ёши 18га тўлмаган қизга уйланган йигит, унинг ота-онаси, никоҳ ўқиган дин ҳодими 3 йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Қонун лойиҳасига кўра, ёшлар дастлаб ФҲДЁда рўйҳатга олиниб, ундан кейингина никоҳ ўқилади.

Мазкур қонун лойиҳаси қабул қилинаётганди, парламент вакиллари орасида тортишувлар кўп бўлди. Бир нечта депутатлар қонун лойиҳаси қабул қилинса ҳам, ишламайди деган фикрларни айтиб, кун тартибидан олишга ҳаракат қилишди.

«Бир бол» фракциясининг депутати Акилбек Жапаровнинг билдиришича, бу қонун лойиҳаси оилавий ва миллий урф-одатларни йўқ қилишга олиб келади.

«Агар биз диний одатларимизни ўзтказишни таъқиқласак, унда бизда қандай қадриятлдар қолади? Келинглар, унда барчамиз Россияга бориб яшайлик», — деди у.

«Республика — Ата-Журт» фракциясининг депутати Нургази Нишанов эса, жиноий жавобгарликка имомларгина эмас, бошқа дин ҳодимларини ҳам тортиш керак деган фикрни билдирган.

КСДП фракциясининг депутати Дастан Бекешев, ноқонуний ўқилган никоҳни қандай қилиб исботлаймиз деб қизиқди. У никоҳ ўқилгандан сўнг, имом ҳам қандайдир бир ҳужжат берсин деган таклифни киритди.

«Никоҳ ўқилганини тергов органлари қандай исботлай олади?» — деб сўради у.

Қонун лойиҳасининг ташаббусчиси, «Ата Мекен» фракциясининг депутати Аида Салянова, никоҳда иштирок этган гувоҳларни сўроқ қилиш мумкинлигини айтди.

Бекешев эса, ташаббусга қарши эмаслигини билдириб, жиноятда гумонланганлар ҳам ўзига қарши кўрсатма беришидан бош тортиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирди.

Салянова қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда, муфтият ҳам фаол иштирок этганини айтди. Муфтият никоҳ қандай ўқилиши кераклиги тўғрисида фатво эълон қилади деди.

«Шу билан бирга, уларда никоҳларни қайд қиладиган махсус китобчаси ёки журнали бўлиши зарур», — деди Салянова.

Айрим депутатлар, дин вакили ва ота-оналар жиноий жавобгарликка тортилиши керак деган фикрларини айтишди.

«Ата Мекен» фракциясининг депутати Наталья Никитенко, реабилитация ва киризис марказлари мажбуран турмушга узатилган қизларга тўла эканлигини таъкидлаб ўтди.

«Ҳақиқатга тик қарайлик. Миллий урфни ниқоб қилмайлик. Бизнинг қонунимизда 18 ёшгача бола бўлиб қолади деб ёзилган. Турмуш қуришга мажбурлаш бу — педофилия бўлиб ҳисобланади. Мен шу залда ўтирган ҳар бир эркакдан ўзингизни қизингиз ҳақида ўйланинг деб айтар эдим. Агар сизлар ўз қизингизни эрта турмуш қуришдан сақлаб қололмасангиз, унга оддий халқ нима қилади», — деди Никитенко.

Парламент бу вақтгача иккинчи ўқишда қонун лойиҳасини кўриб чиқишдан бош тортган. Бу айрим фаолларнинг жаҳлини чиқарган — блоггер Данияр Айтман депутатларни «педофил»лар деб атаб, кризис марказининг вакиллари 30-май куни Оқ уй олдида митингга чиқишган.

Фуқаровий жамият вакиллари эса, қонун лойиҳаси хом эканлигини айтиб, униқайта ишлаб чиқиш кераклигини билдиришган. Сабаби, жиноят кодексида вояга етмаганлар билан турмуш қурганлар жавобгарликка тортилади деб очиқ ёзилган.

Муаллиф: Анна Капушенко