Кўриш қобилияти ночорлар учун матн ўқиш дастурига қирғиз тили киритилди

738

АҚШ, Болгария ва Қирғизистон мутахассислари кўриш қобилияти ночорлар учун ўқиш матнига қирғиз тилини киритишди.

Болгариялик дастурчи Камен Боков ва АҚШдан келган аспирант-лингвист Жош Мейер лойиҳа устида ёз ойларида иш бошлашган. Уларга кўриш қобилbяти ночорлар дастурининг компьютер инструктори Азат Токтомбаев ёрдам берган.

Мутахассислар кўриши ночорлар учун Non-Visual Desktop Access (NVDA) сўзлаш синтезаторини қирғиз тилини тушунишга ва ўқишга ўргатишди. Бу дастур умумий 43 тилни ўқий олади.

«NVDA дастури ҳамма учун қулай. Унга барча дастурчилар кириб, ўзининг тилини қўшиш имконияти бор. Дастур Қирғизистонда рус тилидагина ишлар эди. Шу сабабли биз қирғиз тилини киритишга қарор қилдик», — деди Боков.

Мутахассислар аввал қирғизча матнни рус тилининг синтезаторига киритишга ҳаракат қилишган, бироқ фойда бўлмаган. Жош Мейер синтезаторни қирғиз тилида сўзлатиш учун айрим товушларни бошқа тиллардан олишга мажбур бўлганини айтди.

«Тил «Франкенштейн»и пайдо бўлди, бироқ у ишламоқда. Мен «к» ҳарфини араб тилидан ва айрим товушларни немис тилидан олдим. Умумий 20 тилдан қирғиз тилини ташкил қилдим. Синтезатор одам каби сўзламайди албатта, бироқ мақсад бошқа. Асосийси — маъноси тушунарли бўлса бўлди», — деди Мейер.

«Empower Blind People» ташкилотининг инструктори Азат Токтомбаевнинг сўзларига кўра, олдин қирғиз тилли сайтлар кўриш қобиляти ночорлар учун ноқулай бўлган, сабаби синтезатор қирғиз тилини ўқий олмаган.

«Мен сайтга кириб, рус тили синтезаторидан фойдаланиб кўрдим. Дастур эса «ҳукумат» деган сўзни ўзига таниш «к,м,т» ҳарфларинигина ўқиди. Энди бу дастур адабиётга, ҳужжатларга ва қирғиз тилидаги бошқа матнларга йўл очади», — деди Токомбаев.

Дастур фойдаланиш учун тайёр, мутахассислар уни икки ой ичида кутубхоналарга ўрнатишади.

Муаллиф: Регина Им

Видео: Азат Рузиев