Ички ишлар министри Кашкар Жунушалиев Иссиқкўл вилоятининг Тон районида беш ёшдаги фарзандининг кўз олдида зўрланган аёлнинг ишини ўз назоратига олди. Жиноятда гумонланган такси ҳайдовчиси милиция томонидан қўлга олинди.
Иссиқкўл вилоят ИИБсининг вакили Сталбек Усубакуновнинг сўзларига кўра, воқеа 29 июлда, фарзандли аёл Балиқчидан Бишкекга келаётганда бўлган.
“Балиқчидаги кўчаларнинг кесилишида у автомашина тўхтатиб, Бишкек томон йўл олган. Йўлда ҳайдовчи тоғ томон ҳайдаб, куч билан аёлни мажбурлаган”, — деди Усубакунов.
Жабрланувчининг ўзи “Заноза” нашрига берган маълумотига кўра, автомашина ичида мазкур воқеага гувоҳ бўлган беш ёшдаги фарзанди ҳам бўлганини билдирган.
“У менинг кийимларимни ечиб, зўрлаган. Менинг беш ёшдаги фарзандим бунинг ҳаммасини кўриб, машина ичида бақирган. Шундан сўнг машинадан фарзандимни тушуриб, хуқуқни тартибот органларига мурожаат қилсам, ўлдиришини айтиб қўрқитиб кетиб қолди», — деган у.
ИИМдан Kloop.kgга жиноий иш 129-моддада кўрсатилган “зўравонлик” банди бўйича қўзғалиб, бу иш ички ишлар министри Кашкар Жунушалиевнинг шахсий назоратига олинганини билдиришди.
Хуқуқ тартибот органларининг маълумоти бўйича тажаввузда гумонланган одам воқеа содир бўлган куннинг эртасига қўлга олинган. У Балиқчи шаҳрининг бу вақтгача судланмаган 30 ёшдаги фуқароси бўлган. Милиционерларнинг сўзларига кўра, у қилган жиноятини тан олган ва тергов тугагунга қадар вақтинча сақлаш жойида қамоқда бўлади. Қўлга олинган одам саккиз йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Жабрланган аёл ҳозирда касалхонада. Уни суд-тиббий, биологик ва руҳий экспертизаларга юборишган, текширувларнинг натижалари яқин орада маълум бўлади. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда беш ёшдаги ўғли шок ҳолатида.
Муаллиф: Азамат Короботоев