Истанбул аэропортида теракт: Камида 36 одам вафот этди 147 одам яраланди

1034

Истанбулдаги Отатурк халқаро аэропортига ҳужум 28 июн куни кечаси бўлган.  Халқаро рейслар терминаллари олдида бўлган отишма ва уч портлаш натижасида 36 одам вафот этди ҳамда 147 киши жабрланди. Жабрланганлар орасида қирғизистонликлар бўлиши мумкин.

Қуролланган уч шахс аэропорт ёнидаги текширув ҳамда халқаро рейслар терминали ёнидаги текширувда отишма бошлаган ва кейин ўзларини портлатиб юборган. Бу ҳақда Hurriyet  турк агентлиги маълум қилди.

Сўнгги маълумотларга кўра, портлашдан 36 одам вафот этган яна 147 нафари жабрланган. Жароҳатланганлар орасида хориж фуқаролари бўлган.

Қирғизистон Ташқи ишлар министрлиги (ТИМ) терор ҳужуми натижасида қирғизистонликлар ҳам жабрланган бўлиши мумкинлигини “истисно қилмайди”—  бу пайтда аэропортда “Истанбул-Бишкек” қатнови бўйича икки рейсга рўйхатга олиш бошланган.

“Айни дамларда [бу рейслардаги] фуқароларнинг сони аниқланаяпти”, — деб маълум қилди ТИМ.

Воқеа гувоҳи бўлган қирғизистонлик  Тилек Токомбаевнинг  “Азаттык” га берган суҳбатида айтишича, портлаш у юкларини топшираётган ва паспорт назоратидан ўтаётганда бўлган.

“Биз орқада автомат  отилаётганини эшитдик. Лекин қанчалик узоққа қочсак автоматдан узилган ўқ овози шунчалик кучлироқ эшитилди”, — дейди у.

Zanoza.kg ахборот агентлигининг журналисти Марина Мирошник ҳужум пайтида аэропортда бўлган.  У портлашлардан кейин аэропортда ваҳима бошланганини ёзди.

“Паспорт назоратида навбат кутаётганимизда ваҳиманинг яна бир тўлқини бошланди. Одамлар қочарди. Бақирарди. Биз полга ўтириб, яшириндик. Кейинроқ, асосий масса тинчиганида кўчага чиқдик. Барчани Тақсим майдонига олиб борган автобусга ўтирдик”, — деб ёзди у.

Турк аэропортида бўлган эколог Дмитрий Ветошкиннинг ёзишича,  Германиядан Истанбул орқали Қирғизистонга келиши керак бўлган қирғизистонликлардан ҳеч ким жабрланмаган.

“Биз барчамиз тирикмиз ва меҳмонхонадамиз. (TK 0348 рейсидаги) барча қирғизистонлик йўловчилар жабрланмаган бироқ, тушунмовчиликда барчамиз Истанбулнинг турли меҳмонхоналарига жойлашдик. Шаҳарда ҳамма жойда ҳам интернет бор эмас, шунинг учун агарда кимдир ўз яқинлари билан алоқага чиқа олмаётган бўлса хавотирланманглар, бизнинг барча ватандошларимиз тирик ва унча катта бўлмаган гуруҳлар билан шаҳарда”, — деб ёзди у ўзининг “Фэйсбук”даги саҳифасига.

“Манас” халқаро аэропорти вакилларининг Kloop.kgга айтишича,  29 июнга ўтар кечаси Истанбулдан Бишкекка учта рейс мувафаққиятли келган.  Истанбулдаги ҳужум сабабли икки рейс қолдирилган.

Турк ҳукумати бўлиб ўтган воқеани террор ҳужуми сифатида баҳоламоқда. Бироқ ҳозирча биронта ҳам ташкилот портлаш масъулиятини ўз зиммасига олмади.

Премьер-министр Бинали Йилдирим сўзларига кўра,  аэропортга ҳужум ортида “Исломий давлат” гуруҳининг жангарилари турган бўлишлари мумкин.

Туркия президенти  Реджеп Тайип Эрдоган ҳужум қилганлар ҳаракатини қоралади.  Унинг айтишича муборак Рамазон ойида қилинган теракт “террорчилик дин ва қадриятларга қарамай ҳужум қилишини” кўрсатади.

“Умид қиламанки Истанбулдаги террор ҳужуми дунёнинг барча давлатлари иштирокида террорчиликка қарши кураш муҳокамаси учун бурилиш нуқтаси бўлади”, — деб маълум қилди у.

Отатурк номидаги халқаро аэропорт террор ҳужумидан кейин 29 июн эрталабгача ёпилган. Кўплаб рейслар бекор қилинган ёки Истанбул, Анқара ва Измирнинг бошқа аэропортларига юборилган. Ҳозирда аэропорт ўз ишини қайта бошлади.

Муаллифлар: Айжамал Мураталиева, Айсулуу Бердалиева