Парламентнинг ижтимоий масалалар бўйича қўмитаси жума намозига тушлик вақтини узайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қолдирди. Экс-муфтий Чубак Жалилов қонуннинг қабул қилинишига қарши овоз берганларни “дин душмани” деб атади.
Жума намозига тушлик вақтини узайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳасининг қабул қилинишига қарши овоз берган депутатлар, Қирғизистон собиқ муфтийи Чубак Жалилов томонидан танқидга учради.
У 7 июн куни, депутатлар “динга қаршилик қилмоқда” ва унинг “душмани” бўлим ҳисобланади деб маълум қилди. Унинг фикрича, бундай одамларнинг номлари “алоҳида базада сақланиши” керак.
У Қирғизистон – эркин демократик мамлакат бўлганидан фойдаланиб ўз фикрини билдираётганини қўшимча қилди.
“Мен Чубак хожи Жалилов қонун лойиҳасига қарши овоз берган депутатлар билан бир дастурхонга ўтирмайман. Мен учрашганда уларга қўл узатмайман, сайловларда уларга овоз бермайман ва уларнинг жанозасига бормайман”, — деб ёзди у ўзининг “Фейсбук”даги саҳифасида.
ҚСДП фракциясидан, қонун лойиҳасининг қабул қилинишига қарши овоз берган депутат Жанар Акаев, “Кабарлар” ахборот агентлигига берган суҳбатида диндор сўзларига “жавоб бериш маъносизлигини” айтган.
Бироқ кейинроқ ўзининг “Фейсбук” ижтимоий тармоғидаги саҳифасида у Жалиловни экстремизмда айблаган.
“Мен ҳеч қачон жума намозига қарши бўлмаганман, бу барча учун хайирли иш. Чубак Жалиловнинг қарши овоз берган депутатлар тўғрисидаги фикри экстремистлик ва такфиристлик бўлиб ҳисобланади! Агарда у бугун депутатларни дин душманлари деб атаётган бўлса, унда унинг кейинги ҳаракати қандай бўлади?”— деб ёзади у.
Жогорку Кенешнинг ижтимоий масалалар бўйича қўмитаси 6 июн куни “Онугуу-Прогресс” фракциясидан депутат Тазабек Икрамов томонидан 2016 йилнинг 19 феврал куни ташаббус кўрсатилган, жума намози пайтида тушлик вақтини узайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилмаган.
Лойиҳа ташаббускори Икрамов диндорлар тушлик пайтида диний маросимларини ўтказиб олиши учун меҳнат кодексига ўзгартиш киритишни таклиф қилганди.
“Намоз вақти кун ярмига тўғри келади. Уни бажариш учун ишчилар ўз иш ўрнини қолдиришга мажбур бўлади. Бу иш сифатига таъсир кўрсатиши, айрим раҳбарлар томонидан ўз ходимларига ҳайфсан эълон қилишгача бўлган можароли вазиятлар келтириб чиқариши мумкин”, — деб ёзади у қонун лойиҳаси тавсифида.
Бироқ унинг ташаббусига дин билан боғлиқ масалаларни қонун қабул қилмай хал қилишни таклиф қилган Жанар Ақаев қарши чиқди.
“Намоз ўқиётганлар ва ўқимаётганлар статистикасини топиш қийин. Биз буни қандай ҳисоблаймиз? Ва буни жанжални уйдан олиб чиқмай, раҳбар ва ишчи ўртасида ҳал қилса бўлмайдими?”, — дейди у.
Қўмитанинг тўққиз аъзосидан уч нафари лойиҳани қўллаган, олти нафари эса — қарши овоз берган. Улар орасида: ҚСДП фракциясидан Жанар Акаев, Гулкан Молдобекова, Евгения Строкова ва Альфия Самигуллина шунингдек “Республика-Ата-Журт” фракциясидан Аида Исмаилова ва “Қирғизистон” фракциясидан Алмазбек Токторов.
Муаллиф: Айсулуу Бердалиева