Қирғизистон чегарачилари 31 майга ўтар кечаси Ўзбекистон томонидан номаълум шахслар чегарани кесиб ўтмоқчи бўлганида огоҳлантирувчи ўқ узган.
Қирғизистон чегарачилари 31 майга ўтар кечаси Боткен вилояти Қадамжой тумани “Пионерлагерь” ҳудудида огоҳлантирувчи ўқ узган.
Чегара хизмати вакили Усен Толотов Kloop.kgга берган интервюсида айтишича, ўн одам ноқонуний тарзда Қирғизистон ҳудудига киришга ҳаракат қилган.
“Кечаси номаълум шахслар чегарани кесиб ўтмоқчи бўлган. Чегарачиларнинг “Тўхта” деган талабига бўйсунишмаган ва чегарачилар осмонга огоҳлантирувчи ўқ узган. Шундан сўнг қонун бузарлар Ўзбекистон ҳудудига қочиб кетган”, — дейди у.
Толотовнинг қўшимча қилишича, чегарада қонунбузарлик кўпроқ қонунчиликни билмаслик ва давлатлар чегараси ўртаси аниқ белгилаб қўйилмагани учун содир бўлади.
“Ўзбекистон фуқаролари кўпроқ мамлакатимиз ҳудудида мол боқиш учун чегарани кесиб ўтишади. Бу ҳудудларда чегаралар девор билан ажратилмагани сабабли бўлади. Лекин бунчалик кўп сонда қонун бузарлик йил бошидан бери бўлмаган, бу биринчиси”, — дейди у.
Қонун бузарларнинг шахси номаълум. Қирғизистон чегара хизмати учрашув ўтказиб барча вазиятни ўрганиш учун ўзбекистонлик ҳамкасблари билан музокаралар олиб бормоқда.
Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегаранинг катта қисми мамлакатлар ҳудудларни белгилаш бўйича турли карталар ва ҳужжатларни таклиф қилаётгани боис СССР тарқалганидан бери делимитация қилинмаган.
Чегаранинг белгиланмагани ва бахсли ҳудудларнинг мавжудлиги гоҳида маҳаллий ахоли ва чегарачилар ўртасида жанжалларни келтириб чиқаради.
Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегарада содир бўлган сўнгги можаро 2016 йилнинг мартида содир бўлган — ўзбек чегарачилари белгиланмаган участкага бронетранспортёр ва харбийларни жойлаштирган қирғиз томони эса уларга худди шундай жавоб қайтарган.
Бир неча кун ўтгач томонлар харбий сонини озайтириш ва блок бостларни олиш тўғрисида келишиб олишган.
Муаллиф: Александра Титова