Бишкек: Қурилаётган кўп қаватли уй конструкциясининг бир қисми ағдарилиб тушди

797

Киеский ва Тинистанов кўчалари кесилишида қурилаётган 18 қаватли уйнинг бир қисми 29-апрел куни ёғингарчилик оқибатида ағдарилиб тушди. Қурилиш компанияси давлат архитектурасига объектни мустаҳкамлаш бўйича янги лойиҳани тақдим этмагунига қадар бинонинг қурилиши тўхтатилди.

Киевский кўчасидаги қурилишнинг бир қисми ағдарилиб тушгани тўғрисида 29 апрел куни гувоҳлар маълум қилишди. Уларнинг сўзларига кўра, Бишкекда қурилаётган 18 қаватли бино конструкциясининг бир қисми ағдарилган. Қурилиш ишларини “Бай Таш Групп” компанияси олиб борган.

Компания вакилларининг Kloop.kgга берган суҳбатида айтишларича, бахтсиз ходисага объект қурилаётган ер қисмини ювиб кетган, об-ҳаво шароити сабаб бўлган.

“Бу оддий қурилиш жараёни, биз сабабларини бартараф қилаяпмиз. Бино каркасининг ўзи турибди, у жуда мустаҳкам. Ён бағридаги ер эса об-ҳаво шароити сабабли чўкиб кетди”, — дейди “Бай Таш Групп” раиси ўринбосари Венера Батирканова.

Давлат экотехинспекциянинг Kloop.kgга маълум қилишича, қурилишда ёмғир натижасида мустаҳкамловчи мосламаларнинг ағдарилиб тушиши тез-тез учраб турувчи ҳолдир.

“Эрталаб ёмғир сабабли қурилиш атрофидаги қиялик тўсинлари қулаб тушган. Уйнинг ўзи қуламаган, фақат мустаҳкамлаш қисми тушиб кетган”, — дейди Давлат экотехинспекциясининг архитектура ва қурилиш назорати бошлиғи Таалай Аширбаев.

Унинг сўзларига кўра, қурилиш компанияси томонидан қонун бузарлик бўлмаган, бироқ қурилиш компанияси янги мустаҳкамлаш лойиҳасини тақдим қилмагунига қадар тўхтатилган.

 “Бай Таш Групп” компанияси раиси Венера Батирканованинг айтишича, воқеага уч даражали ер ости автомобил тўхташ жойи учун қазилган чуқур котлован (пойдевор учун чуқур) сабаб бўлиши мумкин.

“Бишкекда қурилиш компаниялари машина тўхташ жойида иқтисод қилишади ва уч даражали тўхташ жойи қуришмайди. Бизда уч даражали тўхташ жойи бўлиши керак эди, шу сабабли котлаван ҳам чуқур, таҳминан 20 метр бўлган. Агарда котлаван икки-уч метрлик чуқурликда бўлганида, бундай ҳодиса бўлмас эди”, — деди Батирканова

Унинг қўшимча қилишича, бундай ҳолларда одам вафот этиши ҳам мумкин.

“Бундай ҳоллар қурилишда тез-тез учраб туради. Гоҳида одам ўлимига сабаб бўлиши ҳам мумкин. Бизда яҳшиямки инсонлар жабр кўрмади. Қурилишнинг ўзи билан муаммолар йўқ, биз техник назоратдан ўтаяпми ва ҳеч қандай қонун бузарлик қилмаяпмиз”, — дейди у.

Муаллиф: Айжамал Мураталиева

Видео: Александр Ли