Парламент Жээнбековни премьер-министрликка сайлади

885

Парламент депутатлари Сооронбай Жээнбековни Қирғизистоннинг премьер-министри қилиб сайлади. Унинг номзодини қўллаб ялпи мажлисда иштирок этган 115 халқ вакилининг бари тенг овоз беришди.

Сооронбай Жээнбековнинг номзоди учун овоз бериш парламентда 13 апрелда бўлди — унинг премьер-министрлик лавозимини эгаллашини қўллаб 115 депутат овоз берди.

Жээнбеков депутатларнинг ишончини оқлашга харакат қилишини билдириб, адолатли ишлашни ваъда қилди. Энди унинг премьер -министр хизматига киришиши учун президентнинг имзо қўйиши керак.

Президент маъмуриятининг ахборот-сиёсат бўлимининг етакчиси  Алмаз Усонов ҳозирча президент Жээнбековни ҳукумат раҳбарлигига тайинлаш тўғрисидаги қарорга қўл қўймаганини айтди.

“Ҳозирча президент қўл қўймади, қачон қўйишини билмайман. Бир оз кутиш керак”, — деди у.

Сооронбай Жээнбеков — 13 апрелга қадар Жогорку Кенешнинг раиси лавозимида ишлаган  Асилбек Жээнбековнинг акаси. Спикер акасининг премьер-министрликка тайинланиши эҳтимоли сабаб ўз истаги билан ваколатларини топширган.

Социал-демократлар (ҚСДП) премьер-министр хизматига  Сооронбай Жээнбековнинг номзодини 12 апрелда кўрсатган. ҚСДПКнинг мазкур қарорини парламентдаги “Ата Мекен”, “Кыргызстан” ҳамда “Өнүгүү-Прогресс” фракциялари ҳам қўллашган.

Сооронбай Жээнбеков 2010 йилнинг апрелидан 2015 йилнинг декабригача Ўш вилоят маъмуриятининг раҳбари хизматини эгаллаб турган.

Ундан сўнг бир неча ой Давлат кадр хизматини бошқарган. Унинг охирги хизмати — президент маъмуриятининг раҳбар ўринбосари, унинг бу хизматда фаолият олиб борганига бир ойдан хали ошмаган эди.

Аввалги ҳукумат раҳбари Темир Сариев 11 апрелда  ўз истаги билан хизматдан кетган.  Бунга унинг транспорт министри Аргинбек Малабаев билан бўлган можароси сабаб бўлган. Улар бир бирини Баликчы-Корумду автомобил йўлини қуриш бўйича тендер ўтказишдаги порахўрлик схемаларда айблаб келишмоқда.

Муаллиф: Адилет Макенов

Таржима: Даврон Ҳотам