МХДҚ: Гиёҳванд моддалар назоратининг штатсиз ходими деярли бир йил мобайнида фуқародан пул таъма қилган

901

МХДҚ коррупцияга қарши кураш хизмати ИИМнинг штатдан ташқари ходимини қўлга олди. Қўлга олинган шахс Қирғизистон фуқаросини гиёхванд моддалар ташлаб қўйиш билан қўрқитиб, ундан бир неча ой давомида пул таъма қилган.

ИИМнинг норасмий ҳодимини 12-апрел куни пора олаётганида қўлга олишган. МХДҚ коррупцияга қарши кураш хизматининг маълум қилишича, қўлга олинган шахс гиёхванд моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш Бош бошқармасининг ходими бўлиб чиққан.

Бир неча ой давомида у 2016-йил январида ариза билан махсус хизматларга мурожаат қилган фуқародан пул таъма қилган. Жабрланувчи,  ҳуқуқ тартибот органи ходими агар талаб қилинган пул берилмаса гиёҳванд моддалар ташлаб қўйиш билан қўрқитганини айтган.

“2016-йилнинг 18-январида Қирғизистон Республикаси МХДҚ Коррупцияга қарши кураш хизматига фуқаро “Ф.Щ”  гиёҳванд модда ташлаб қўйиш ва жиноий таъқиб билан қўрқитиб 2015-йил май ойидан бери ой сайин пул таъма қилган милиция ходимига нисбатан чора кўриш тўғрисида ариза билан мурожаат қилган”, — деб маълум қилади МХДҚ матбуот-хизмати.

Қўлга олиш чоғида махсус хизмат ходимлари 15 минг сом топишган. Бироқ, уларга кўра, қўлга олинган шахс жабрланувчидан ой сайин 25 минг сомдан талаб қилган. Етти ой давомида ИИМ ходими 125 минг сом пул олган.

Ҳуқуқ тартибот органи ходими қайси сабаблар билан пул талаб қилгани, ҳозирча аниқ эмас. Хозирча Ички ишлар министрлигидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Ҳозир қўлга олинган шахс тергов изоляторида ва тергов тугагунига қадар ўша ерда сақланади. У Жиноий кодекснинг 304-моддаси “Лавозимини суистеъмол қилиш” ва 313-модда “Пора таъма қилиш” моддалари бўйича саккиз йилгача озодликдан махрум қилиниши ёки  катта миқдорда жаримага тортилиши мумкин.

Муаллиф: Айжамал Мураталиева

Таржима: Даврон Ҳотам