"Азаттык": Армиядаги жиноятлар жазосиз қолмоқда

778

 Чегарачининг йўқолиши, солдатларнинг калтакланиши ва нопок милиционерларга қарши очилган жиноий ишлар етарлича текширмаяпти.

Етти ой аввал Чон-Алай тоғида “Карамик” чегара заставасининг аскари  Бексултан Бааридинов бедарак йўқолган. Ўш ҳарбий прокуратураси аскар командир томонидан овга жўнатилгани ва шу бўйи қайтиб келмагани аниқланган. Мазкур иш бўйича жиноий иш очилган, бироқ офицер харакатига бирор ҳуқуқий баҳо берилмаган.

Аскарнинг онаси Майрам Бакирова суд жараёнининг чўзилаётганидан кўнгли чўккан.

-Гувоҳлар яхши сўроқ қилинмаган. Терговчилар пора олганга ўхшайди. Кейин иш судга ўтган. Судлар ҳам айбланувчининг қариндошими ёки улар ҳам пора олган-ми. Ишни кўраётган аввалги судлардан бош тортганман. Ўша бўйи чўзилиб келмоқда. Бирор натижа йўқ. Мен эса уйимнинг остонасидан қандай олиб кетган бўлсанглар, шундай олиб келиб қўйинглар деб, айбланувчиларнинг жазоланишини талаб қиляпман.

Калтакланган солдатлар, жазосиз командирлар

Икки йил аввал 2014-йилнинг июнь ойида Ўшдаги  №30-626 ҳарбий қисмнинг аскари   Асилбек Ажиевни калтаклаган офицерлар ҳали ўз жазосини олишмаган. Калтак еган оёғига йиринг тўпланиб, икки марта операция бўлган аскар ногирон бўлиб қолган.

Солдатнинг отаси  Нурлан Ажиевнинг айтишича, бу воқеа бўйича суд иши ҳали ҳам ниҳоясига етмаган.

— Боламни  Ирисбек уулу Эрлан ва Нургази Чекиров исмли офицерлар калтаклашган. Ҳозир болам уйда. Икки йилдан бери суди битмаяпти. Судга чақиришади, борсанг ишни эртага ёки унинг эртасига жилдириб юборишади. Энг охирги суд уч ой олдин бўлган, шундан бери бизни ҳеч ким судга чақирмади. Ўғлимни калтаклаганлар ҳозиргача ишларини давом эттирмоқда.

Ўтган ойда Миллий гвардиянинг Ўшдаги 703-қисмида хизмат ўтаётган Тологон  Абдимиталип уулу мазкур қисмда шартнома билан ишлаган Даврон Юлдашевнинг тепкисидан оёғи синиб, касалхонага тушган. Ўш гарнизон харбий прокурори Умурбек Эрматов бу воқеа текшириву давом этмоқда.

— Оддий аскар билан старшина Даврон Юлдашев ўртасидаги низо рўйхатга олинган. Бу бўйича хизмат текшириву ўтказилиб, тергов давом этмоқда. Тергов сўнгида старшинанинг харакатига ҳуқуқий баҳо берилади.

Ҳозирда аскарни калтаклаганлиги айтилаётган Даврон Юлдашев икки ойга хизматдан четлатилган. Бироқ унинг ҳаракатига ҳали ҳуқуқий баҳо берилмаган. Жабрланган аскарнинг онаси Лийлихан воқеа бўйича “Азаттик”ка батафсил айтиб берган:

— Болам бошида яшириб, айтмай юрди. Мени алдаб, хазиллашаётиб, оёғимни синдириб қўйди деган. Воқеанинг ростини энди айтяпти. Билсак, Даврон Юлдашев “менга нега честь бермайсан” деб, боламни тепган экан. Болам оёғидан операция бўлди. Унинг чиқимларини Юлдашев тўлаб берди. Энди кунда келиб, қарши ариза сўрамоқда. Мен ўғлим юриб кетмагунча, аризамни қайтиб олмаслигимни айтдим. Мени бировнинг қаматиш ниятим йўқ, лекин болам юрмай қолса, эртага бунга ким жавоб беради?

Муштумзўр милиция

Бир ой аввал икки милиция ходимлари гўёки  200 доллар қарзни ундириш мақсадида  21 ёшдаги Омүрбек Калмурзаев исмли фуқарони урганлиги аниқланган. Ушбу иш бўйича келиб тушган шикоят аризаси бўйича жиноий иш очилиб, тергов олиб борилмоқда.

Бироқ калтакланган фуқаро Омурбекнинг онаси Кимбат Калмурзаева прокуратуранинг ишидан норози.

— Боламни урган милиция ходимлари жазоланиш у ёда турсин, хатто ишидан ҳам четлатилмади. Уларни гувоҳ қатори сўроқ қилиб, қўйиб юборишмоқда. Болам иккимизни ҳар кун терговга чақиради. 7-март куни ҳам кундузги соат иккида сўроққа чақириб, тунги ўнгача кўрсатма бериб ўтирдик. Ўш прокурорлари ўзлари ўйлаб топган қонунлари билан ишлашаётганга ўхшайди. Хоҳлаганларини қамаб, хоҳлаганларини  бўшатишади. Афсус, қонунлар фақат бойлар учун, камбағалларнинг ҳуқуқи эса топталмоқда.

Юқорида тилга олинган жабрланувчиларнинг айримлари ҳуқуқ ҳимоя органларининг эътиборини тортиш учун ўз вақтида кичик пикет уюштиришга мажбур бўлишган. Натижасиз текширувларга судлар прокурорларни, прокурорлар бўлса судларни айблашади. Жамоатчиликда барча ҳуқуқ органлари порахўрлик ботқоғига ботиб қолган деган фикр сақланиб қолмоқда.