Ўшдаги телевидение ходимлари «экстремизм»да айбланяпти

837

hizbut-tahrir-450x289

Ҳуқуқ тартибот органлари интернетга «экстремистик» видеоларни жойлаштирган шахсларни қўлга олди. Ички ишлар министрлигига кўра, қўлга олинганлар орасида телевидение ходимлари ва маҳаллий олийгоҳлар талабалари бор.

Ички ишлар министрлиги маълумотларига кўра, қўлга олинган кимсалар «экстремистик» руҳдаги видеоларни қирғиз тилига таржима қилиб, «Билайв» ва «Ютуб» каби сайтларга жойлаштириб келган.

«Видеороликлар экстремист ташкилотлари сайтидаги маълумотлар ҳамда дунёдаги машҳур экстремистик ва террористик ташкилот раҳнамоларига таяниб тайёрланган», — деб ёзилади ИИМ тарқатган баёнотда.

ИИМ қўлга олинганларнинг икки нафари маҳаллий телевидениеда ишлаб келганини хабар қилди.

«Уларнинг бири маҳаллий телеканалларнинг бирида ёшлар учун кўрсатувлар режиссёри бўлиб ишлайди, бошқаси бўлса аввалда оператор-монтажчи қатори ишлаган», — хабар қилди ИИМ.

Министрлик қўлга олинган шахслар айнан қайси каналда ишлаганига очиқлик киритмади.

Мазкур иш бўйича гумонланаётганлар орасида Ўш давлат университети қошидаги Тиббиёт коллежи, Ўш тиббиёт билим юрти ҳамда Ўш давлат педагогика институти талабалари ҳам бор.

Ўқув юртларидан масала бўйича изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Ҳозирда муассаса видео-шерринг платформаларининг Қирғизистон худудида мазкур роликларни тарқашига алоқаси бор ёки йўқлигини аниқлаяпти.

«Ушбу жиноий иш доирасида юқорида тилга олинган «kg» зонасидаги сайтлар соҳиблари алоқадорлиги текшириляпти», — хабар қилди ИИМ.