Боткен: Чегарачилар ғор ичида яшаган тожикистонликни қўлга олди

690

1342592000_57773100

Боткен областидаги ғорда қўлга олинган Тожикистон фуқароси ўз ватани ҳуқуқ тартибот органларига топширилди. Қирғизистон Чегара хихмати хабарларига кўра, у руҳий касалликка чалинган.

Ғор ичидаги номаълум шахс ҳақида чегарачиларга боткенлик кўнгиллилар хабар қилган.

Чегара хизмати Тожикистон фуқаросини Табиштамдик тоғли худудида қўлга олган.

«Қидирув ҳаракатлари натижасида Тожикистон фуқароси яширинган ғор топилган. Ғор ичи текширилганда у ердан бир ойга етувчи озиқ овқат, ва кундалик ҳаётга керак бўлган ашёлар топилди», — хабар қилди Чегара хизмати.

Хизмат маълумотларига кўра, қўлга олинган шахс «руҳий ҳасталикка» чалинган. Унинг ғорда қанча муддат яшагани хабарда айтилмаган.

Чегара хизматининг матбуот хизмати ходимлари Kloop.kg билан суҳбатда қўлга олинган шахс билан ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари сўзлашганини ва улар унинг  «касаллигини» тасдиқлаганини билдирди.

Қўлга олинган тожикистонлик Боткен области Миллий хавфсизлик қўмитасига топширилган ва улар ўз навбатида тожикистонлик ҳамкасбларига уни беришган.