Замон уйғунлашиб бормоқда, бунга эргашиб инсонлар ҳам замонга қараб интилмоқда. XXI аср, техника асри деб эътироф этишлари бежиз эмас. Чунки дунёнинг нариги тарафидаги инсонни бир сониянинг ўзидаёқ уяли алоқа воситаси орқали ёки компьютер орқали кўра олиш имкониятимиз бор. Бунинг ўзи техника асридан дарак беради.
Шарифа ая Саидова ўзининг катта ёшига қарамай ҳар ҳафта интернет клубга келади, бу ерда у “Скайп” ижтимоий тармоғи орқали Россиядаги набиралари ва фарзандлари билан видео мулоқот қилиб туради.
"Мен бундай техникаларни тушинмайман, лекин Россиядаги ўғлимни,келинимни ва невараларимни кўрсатиб берадиган бу аппаратнинг борлигига шукур. Узоқдаги невараларимни бир зумни ўзида кўрсатиб беради. Бизнинг ёшлигимизда бундай нарсалар йўқ эди. Келажак ёшларники дегани рост, чунки ёшларимиз учун хозир хамма шароитлар бор", – дейди, Шарифа ая.
Шарифа аяга интернет жуда ёқиб, бу орқали у соғинч аламини босгани билан, лекин 20 аср ихтироси интернет ҳаммага ҳам ижобий таъсир кўрсатмаяпти.
7 ёшдан 70 ёшгача бўлган ёш ва қарилар компьютер ёки қўл телефони орқали интернетга кириб, ундан фойдаланишни билади. Лекин интернетнинг фақат яхши тамонлари бор десак, янглишамиз. Чунки ёшлар кўришлари маън этилган видео тасмалар айнан ана шу интернетда жойлашган. Бундай видео тасмалар ёш болаларнинг, вояга етмаган ёшларнинг хулқига ўз таъсирини ўтказади десак, муболаға бўлмайди.
Психолог Жахонгир Усманов интернетнинг ёш болаларнинг психикасига салбий таъсири борлигини таъкидлайди.
Руҳшуносга кўра, ҳар бир кашфиётнинг ижобияти ва салбиятини кузатиш мумкин ва бугунги кунги аксар интернет фойдаланувчиларига ҳам интернетнинг яхши жиҳатларидан кўра ёмон жиҳатлари кўпроқ таъсир ўтказмоқда.
"Ёшлар интернетдан фақат илм, ахборот олиш йўлида фойдаланяпти, десак янглишамиз. Интернет клубларига кирганда, уни тўлдириб ўтирган ёшларни кўриб хурсанд бўламиз. Аммо аксарият ёшлар оила даврасида кўриб бўлмайдиган шаҳвоний ёки вахшиёна видеофилмларни томоша қилиши, турли вилоят ва шаҳарлардаги қиз ва йигитлар билан севги номалари алмашиш, ушбу тармоққа ўз суратларини киритиб реклама қилиш билангина бандлигига гувоҳ бўламиз", - дейди у.
Руҳшунос ҳолатнинг шу зайлда давом этиши ёшларнинг тобора худбин, шафқатсиз, беҳаё бўлишларига олиб боришини тахмин қилади:
"Бугунги кунга келиб дунёнинг мафкуравий манзараси жуда мураккаблашиб кетди. Унда кучли таъсирга эга бўлишнинг энг мақбул йўли, ҳар қанча маблағ талаб этилишидан қатъий назар, йирик ахборот тарқатувчи мавқеъни эгаллаш бўлиб қолди. Жаҳонда “ахборот уруши” кетаётганини ҳатто оддий одамлар ҳам пайқаши қийин эмас. Масалан, бирон бир хорижий мамалакатнинг турмуш тарзи, қадриятлар тизимини улуғловчи рисолалар, кинофилмлар тарқатилмоқда, дейлик. Табиийки, бундай ахборотлар жамиятда маълум ижтимоий фикр шаклланишига таъсир этмай қолмайди. Постиндустриал инқилоб, ахборотлашув ва глобаллашув жараёнлари таассуфки, фақат моддий манфаат ва эҳтиёжларини қондиришга интиладиган, миллий қиёфасини қарийб йўқотган, ўз мақсади йўлида ҳар қандай ғояни қўллашга тайёр тоифаларни ҳам вужудга келтириди. Бундай салбий ҳолат мамалакатимиз аҳолиси, айниқса , ёшларимизга ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди"
Сир эмаски, интернет тез ва арзон ахборот ёки маълумот олиш, етказиш ҳамда қайта ишлашда беқиёс манба саналади. Кундан – кун сафи кенгайиб, фойдаланувчилар сони ортаётган маскур тизим дунё ҳамжамиятининг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондирмоқда. “Узоқни яқин қиладиган” манба сифатида қараладиган интернетнинг кўпроқ ёшлар кирадиган сайтларини тубдан янгилаш зарур. Сабаби — соғлом турмуш тарзини шакллантириш, юксак маънавият, пок ахлоқ асосида ўғил –қизларни тарбиялаш вазифаси ана шуни тақазо этади”, дея сўзини давом этади Жахонгир Усманов.
Мактаб ёшидаги болалар компютерларда асосан ўйин ўйнашга қизиқади, лекин бугунги кунда атайин компютерлар учун ишлаб чиқарилаётган ўйинларнинг ўзи ҳам болалар тарбиясига таъсир кўрсатади десак, муболаға бўлмайди.
"Менга кўпроқ “онлайн” ўйинларни ўйнаш ёқади. Бунга эса узлуксиз интернет керак, уйда эса бунга имконият йўқ. Шунинг учун менинг кўп вақтим интернер клубда ўтади. Мактабда ўқиётган пайтимда мен интернет клубга кам келар эдим, хозир эса дам олиш кунлари куним шу ерда ўтябди",- дейди интернет клуби мижози Миркомил Исхақов.
Call of Duty, GTA, Warrior of war , Prince of Persia ва шу каби ўйинлар ёшларнинг орасидаги энг кўп севиб ўйналадиганлардандир. Бироқ, айнан мана шу ўйинларда қонли тўқнашувлар, отишмалар ва шу билан бирга шаҳвоний видео тасмаларни ҳам учратишимиз мумкин.
"Онлайн" ўйинлардан ташқари бўлса Call of Duty, Warrior within ва бошқа ўйинларни ўйнашни ёқтираман. Ундаги отишмалар, фантастик қуроллар, ҳаттоки қиличбозлик ҳам қила оласан. Бу ўйинларни менга шу тарафлари ёқади, - дейди Миркомил.
Қурол олиб ўқ узишни ёйинки қиличбозлик қилишни ёқтирадиган бола, бир кун келиб ҳақиқатдан ҳам қурол, қилич ёки совуқ қуролларни ушламаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди.
"Албатта замон талабига қараб компютерлар учун атайин ўйинлар ишлаб чиқарилмоқда. Отишмалар, қиличбозлик, бузғинчилик ва ҳаттоки мафиябозлик тўғрисидаги ўйинлар ҳам йўқ эмас. Бундай ўйинларни ўйнаган болалар қандай таасурот олиши мумкун? Албатта яхши таасурот эмас. Уларнинг хулқига таъсир қилмай қолмайди. Мен педагог ҳамда психолог сифатида шуни айта оламан-ки , интернетнинг мактаб ёшидаги болаларга фойдали тамонидан кўра, зарари кўпроқ ва мана шунинг учун ҳам ота-оналар, катталар ёшларимизни интернетдан қандай фойдаланаётганлигини қаттиқ назорат қилишимиз лозим. Акс ҳолда, бу ҳолат болалар онгига оддий ҳолат тарзида жойлашиб олса, кейинчалик минг уринманг бу ҳолатни ўзгартириш қийин бўлади", - дейди педагог-психолог Махбубахон Қодирова.
Интернет клубларнинг кўпайгани яхши. Агар ёшлар чиндан ҳам интернет орқали ўқиб, билим ошириш ёки маълумот олишни ҳоҳлаб интернетга мурожаат қилган бўлса. Инсон онгини захарлайдиган маълумотлар, видео тасмалар ва ҳокозаларни излаб, кўриб, қимматли вақтини бекорчи шахвоний нарсаларга сарфлашдан кўра, керакли бўлган маълумотларни олиб ўз ҳаётига тадбиқ қилса у инсон чинакам интернет қўлланувчига айланади. Бизга яратиб берилган кенг тармоқли интернетнинг асл мақсади ҳам, мана шундан иборатдир.
Муаллиф: Акхад Артиков
Муҳаррир: Ҳулкар Исамова