Бишкекнинг Биринчи май район суди 1 июл куни Ташкенбай Мойдунов яқинларига 100 минг евро товон пули ажратилишини кўриб чиқарди — марҳум 2004 йили Бозорқўрғон Ички ишлар бошқармаси тергов изоляторида ҳалок бўлганди.
Ҳалок бўлган марҳум яқинларига товон пулини тўлашга Қирғизистонни БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси мажбур қилганди. Бу учун мамлакатга ярим йил муҳлат берилганди, бироқ, марҳум яқинлари ҳалигача пулни олишгани йўқ.
Маҳкама марҳум синглиси Қайдархан Жумабаеванинг Молия министрлигига юборган даъвосини кўриб чиқади. Қайдархан ҳукуматдан 100 минг еро (6 миллион 30 минг сом) талаб қиляпти.
Мазкур иш бўйича маҳкама йиғини бир неча сафардан бери турли сабабларга кўра қолдирилиб келади.
Джумабаеванинг ўзи Россиянинг Калининград шаҳрида ишлайди ва унинг ҳақларини маҳкамада БМТни Қирғизистонни товон тўлашга мажбур қилишига эришган унинг адвокати Таир Асанов ҳимоя қилади.
«Бепарволик»
Бозорқўрғон милицияси Мойдунов ва унинг хотинини 2004 йилнинг 24 октябрида «жамоат тартибини бузиш»да айблаб, қўлга олганди. Бунга оиланинг кўчадаги можароси сабаб бўлган.
«Голос свободы» сайтининг хабар қилишича, милиция ходимлари Мойдунов хотинини эрига қарши шикоят ёзишга мажбур қилган.
Бундан сўнг аёл қўйиб юборилган, бироқ бироздан сўнг милицияга яна қайта чақиришган. Бу сафарги ташрифида Мойдинова милиция бўлими полида эрининг жасадини кўрган.
«Милиционерлар кўрсатмалари аввалдан турлича бўлган: бошида Ташкенбай Мойдунов юрак ҳуружидан ҳалок бўлгани айтилган, бироқ кейинчалик милиционерлар уни ўзини-ўзи осганини айта бошлаган», — деб ёзади «Голос свободы».
Ҳуқуқ ҳимоячилари маълумотларига кўра, марҳум танасини текширган тез ёрдам шифокори 2004 йилнинг 18 ноябрида берган кўрсатмаларида унинг бўйнида арқон излари бўлмаганини, бироқ қўлнинг қизил изларини кўрганини билдирганди.
Бу иш билан қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячи Азимжон Асқаров шуғулланиб келган эди.
Бироқ 2010 йилги миллий низолар пайтида унинг офисига ўт кетган ва милиционерлар айбини тасдиқловчи барча ҳужжатлар ёниб кетган.
Бозорқўрғон Ички ишлар бўлими ходими «бепарволик» бўйича ҳукм этилган ва марҳум оиласига 30 минг сом товон пули тўлаганди.
Мазкур иш бўйича яна бир айбланувчи давлатни ташлаб чиқиб кетган.