Ўқувчиларнинг билим олишлари учун мактабларда барча шароитлар мавжуд, бироқ ҳозирги кунга келиб ўқувчиларнинг кўпчилиги мактабдан ташқари вақтда Ўқув марказларида таълим олишмоқда ва бундай имконият ўқувчиларнинг олган билимини янада кенгроқ ўрганишига имкон яратмоқда.
Инсон келажакда комил инсон бўлиб етишиш учун ўқиб, билим олиши лозим. Ҳозирги кунда мактаблар ўқувчиларнинг билим олишлари учун керакли бўлган барча шароитларга эга. Билимини янада оширишга ҳаракат қилган ўқувчилар мактабдан ташқари бўлган вақтда Ўқув марказларида ҳам таълим олишади.
- Асосан Ўқув марказлари ўқувчиларнинг бор билимларини янада ошириш учун мўлжалланган. Мактабларда турли тиллар ўргатилади. Лекин мактабда ўтилган дарслар билан ўқув марказларида ўтилган дарслар фарқ қилади. Шунинг учун улар ўша мактабда олган илмни янада кенгроқ ўрганиш учун ўқув марказларига мурожаат қилишади - дейди “Иқро” ўқув марказининг муалими Махфуза Ходжаева.
Ўқув марказларида асосан ҳамширалик, ширинликлар пишириш, турли тиллар ўргатилади. Кўпчилик ўқувчилар мактабларда дарсликка киргизилмаган чет тилларини ўрганишга харакат қилади.
- Ўқув марказлари билан мактабдаги дарсликни деярли фарқи йўқ. Лекин корейс, араб, немис, турк, хитой ва ҳоказо тиллар мактабларда ўтилмайди. Айнан мана шу тилларни ўрганмоқчи бўлган ўқувчилар Ўқув марказларига мурожаат қилишади. Мен ҳам ўқув марказларининг бирида инглиз тили бўйича ўқиганман, бугунги кунда олган билимим менга мактабда ҳам, кўча-кўйда ҳам катта ёрдам бермоқда, хозирги кунда ёзги таътил ичи эса турк тилини ўрганмоқчиман, - дейди марказ ўқувчиси Азизбек Маткаримов.
Бугунги кунда ўкув марказларидаги чеварчилик, пазандачилик, ҳамширалик курслари ёш қиз ва келинлар орасида жуда кенг тарқалган. Бундан ташқари ёш қизларни рўзғор тутишга ўргатувчи курслар ҳам машхур.
- Ўқув марказлари керакми деган саволга, мен баралла керак деб жавоб бера оламан. Сабаби хозирги кунда талаблар кўп ўзгариб боряпти. Ўқув марказлари ҳам замон талабига мослашиб, дейлик қизлар учун атайин очилган чеварчилик, пазандачилик курслари мавжуд бўлди. Олдинги вақтта эса бундай ҳолларда қизларимиз катта чеварларга, пазандаларга шогирдликка тушар эдилар. Лекин хозир ўқув курслари чеварчиликнинг, пазандачиликнинг сирларини яққол очиб бермоқда - дейди “Иқро” ўкув марказининг директори Муртазо Умаров.
“Бундан ташқари тиллар, масалан рус тили, инглиз тили, араб тили ва шу каби курсларни тугатиб қисқа вақт ичида ўзининг фикрини баён қила олиш, ёки чет элликлар билан мулоқат қила олишни ўргатади. Хитой тилини ўрганмоқчи бўлганларнинг сони 2-3 йил олдин кўпайиб кетган эди. Бугунги кунда Хитой тили ўзининг долзарблигини йўқотмоқда. Хозирда рус ва инглиз тили биринчи ўринга чиқиб қолди. Талабгорларнинг кўпчилиги, рус тилини қисқа вақт ичида ўрганиб Россияга ишлаш учун кетмоқчи бўлган мухожирлар ташкил қилмоқда – давом этади Муртазо Умаров.
Ўқув марказларида университет талабалари ҳам бор. Булар асосан чет тили факултетида ўқиётганлар. Талабалар бу ерда амалиётни тежаш мақсадида ўқишади. Уларнинг сўзига кўра, бу нарса уларга катта ёрдам беради.
“Мен чет тили факультетининг инглиз тили бўлимида таълим оламан – дейди 3 босқич талабаси Гулзора Мамадалиева – дарсдан кейин марказга келаман. Инглиз тили ва араб тилини муккамал ўрганиш учун бу ерга қатнайман. Тилларни яхши ўзлаштириш учун тажриба керак. Бу ердаги муаллимлар билан инглиз ва араб тилида гаплашишга харакат қиламан. Бу мен учун яхши амалиёт”.
Қирғизистон Республикаси Билим бериш министрлигининг қарори бўйича, давлатимиз фуқаролари 9- синфгача мажбурий таълим олиш керак. 10 -11 синфларда ўқиш ихтиёрий равишда. Кўпчилик ота оналар қизларини 9 синфдан сўнг атайин қизлар ҳамда аёллар учун атаб очилган ўқув марказларига жўнатишади.
- Албатта 9 синфни битиргач ўқувчининг ихтиёри ўзида. Агар у бирон бир олийгохга кирмоқчи бўлса, ўқишни давом эттиради ёки аксинча хозирги кунда ёшларга катта фойдаси тегаётган ўқув марказларига боради. Чеварчилик, пазандачилик, уй хамшираси, ширинликларни тайёрлашни ўрганиш ва хаттоки оналикка хам тайёрлаш курслари бор. Бундай ўқув марказлари атайин қизлар, аёллар учун аталган. Талабгорларнинг ёши эса чекланмаган, - дейди оналик курсининг ўқувчиси Мафтуна Абиджанова.
Муртазо Умаровнинг сўзига кўра, бугунги кунда Ўш шахрида 10дан зиёд ўқув марказлари иш юритмоқда. Уларнинг асосий ғояси ёшларимиз билимини ошириш бўлибгина қолмай, чет элларга чиқаётган фуқароларимиз юртимиз шаънига доғ туширмаслик. “Чунки, билимсиз ёшларимиз ўзга юртда маоши паст бўлган ишларда ишлашади. Бизнинг кўп ўкувчилар Россияда катта савдо марказларида сотувчи, араб ўлкаларига кетган ўкувчиларимиз ҳам бор” – сўзини давом эттиради ўкув марказ таъсисчиси.
“ Бешикдан то қабргача илм изла“ деб доно ота-боболаримиз бекорга айтишмаган. Инсон бу йўловчи, хаёт эса унинг йўли. Умр давомида уни ҳар қандай чоррахалар, синовлар кутмоқда. Йўл танлашда адашмай, равон йўл сари бориш учун ҳам, хаёт йўлимиз давомида илм излашимиз зарур. Билим ўрганишни эса эрта-кечи бўлмайди.
Акхад Артыков