Президент қирғиз тилини билмаганларга жарима солиш ҳақидаги қонунга қўл қўймади

1011

dictionary10443-600x350

Давлат бошчиси Алмазбек Атамбаев «Давлат тили ҳақида»ги қонун лойиҳасини қайта ишлашга юборди. Лойиҳага кўра, давлат тилини билмайдиган давлат хизматчилари жаримага тортилиши керак — президент бу қоидани фуқаролар ҳуқуқларини бузиш қатори ҳисобламоқда.

Президент матбуот хизматининг тарқатган баёнотига кўра, янги қонун лойиҳаси таҳрири ошиқча «кенг» талқинга эга.

«Қонун таҳриридаги моддалар ўз-ўзича талқин қилинишига олиб келади ва унинг қўлланишида қатор баҳсларга сабаб бўлади. Бундан ташқари, қабул қилинувчи Қонунда мазкур жарималарни жорий қилувчи орган ёки масъул ходим аниқ кўрсатилмаган», — дея президент маъмурияти депутатлар тарафидан қабул қилинган қонунни танқид остига олди.

Шунингдек президент матбуот хизмати янги киритилиши кутилган тартиб Қирғизистон қонунларига терс эканини таъкидлаб ўтган.

«Янги таҳрирдаги қонунни қабул қилиниши Қирғизистон конституциясининг 1 қисми, 20 моддасида кўрсатилган фуқаро ва инсон ҳуқуқларини чекловчи қонунлар қабул қилмаслиги ҳақидаги қонунга хилоф келади», — деб ёзилади матбуот хизмати тарқатган баёнотда.

Атамбаевнинг таъкидига кўра, қонунга киритилиши кутилган ўзгартиришларда давлатнинг ўз фуқароларига қирғиз тилини ўргатиш масъулияти кўрсатилмаган.

«Давлат тилини ўрганишга рағбатлантирувчи тегишли тартиб ва қоидаларни секин-асталик билан жорий қилинишини унумлироқ самара беради деб ҳисоблайман», — деб ёзди президент.

Атамбаев махкур қарорни парламент 2012 йил декабрда кўриб чиқаётганда тасдиқламаслигини билдирганди.

Парламент тасдиқлади

Жўғўрқу Кенеш «Давлат тили ҳақида»ги қонунга ўзгартиришлар киритишни 25 апрел куни тасдиқлади — киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, давлатдаги барча ҳужжатлаштириш ишлари қирғиз тилида олиб борилиши керак.

Шунингдек ўзгартиришларда давлат тилини билмайдиган давлат хизматчиларини жаримага тортиш ҳам кўрсатилган.

Қонун лойиҳасини йиғинда иштирок этган 88 депутатдан 83 нафари қўллади, қолган беш депутат бунга қарши чиқди.