Меҳрибонлик уйидаги жонкуярлик

785

Irak-mal-chik-u-mamy-
Ҳаётнинг энг оғир ва аянчли синови, бу ёлғизликдир. Ота-онадан ажраб етим қолишлик, бу икки қўлинг ва икки оёғинг йўқ бўлиши билан баробар. Бундайин тубсиз синовдан қочиб-қутилишлик ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.

Лекин ҳаётда иродаси мустаҳкам инсонлар ҳам бор. Ана шундай инсонлардан бири бу Кристина Бакаева. У 2 ёшида ота-онасидан ажраб «Олтин уя» меҳрибонлик уйига келган. Ҳаётнинг синовларига бош эгмаган Кристина 18 йил давомида болалар уйида ўқиб, тарбия олди. Мусиқага бўлган қизиқиши туфайли вояга етгач, мусиқа ўқув курсини тамомлайди.

20 ёшида эса Бийназар исмли йигитга турмушга чиқди. Ҳозирги кунда улар эндигина 6 ойлик Исмаил исмли боланинг меҳрибон ота-онаси. Бироқ Кристина ҳам, турмуш ўртоғи ҳам ишсиз бўлганлиги сабаб, яшаш шароити оғир эканлигини айтади.

"Ўқишни тамомлаб, иш топа олмадим. Жуда қийин аҳволда кун кечиряпмиз. Лекин ҳаммаси яхши бўлишига ишонаман. Биз ҳали етук инсонлар бўламиз, фақат сабр керак", – дейди ўзини ишонтириб Кристина.

Етим болалар 18 ёшга тўлгандан кейин болалар уйини тарк этишлари керак, лекин Кристина 20 ёшга тўлган бўлсада, мустақил ҳаётга шароити йўқ бўлганлигидан ҳали ҳам болалар уйида яшашни давом этдирмоқда.

"Ахир етим бўлсам, борар жойим, бирон-бир яқиним, қариндошим йўқ бўлса, қаерга ҳам бораман? Яхшиси мен шу ерда, меҳрибон ойимни олдиларида қоламан", - дейди Кристина.

“Олтин уя” меҳрибонлик уйининг директори Тамара опа Токтомаметова бу ердаги болалар учун дўст, дугона, сирдош, маслахатчи, асосийси меҳрибон Онага айланиб улгирган. Болалар Тамара опани “ойи” деб чақиришади.

"Булар бизнинг ойимиз. Кулсак бирга кулади, йиғласак – йиғлайди, оғриб қолсак, биз билан тенг оғрийди. Бизга ёзиш, ўқишни ҳаттоки чиройли сўзлашни ҳам улар ўргатган. Биз ойимизни жуда яхши кўрамиз, улар жуда меҳрибонлар", – суҳбатга қўшилади яна бир болакай.

Кристина каби ота-онасидан ажраб қолган етим болалар, «Олтин уя» меҳрибонлик уйида 15 дан ортиқ.

"Бизнинг меҳрибонлик уйида умуман ота-онасиз қолган, ҳеч кимга кераги йўқ бўлган болалар тарбия олади. «Олтин уя» меҳрибонлик уйи 12 кишига мўлжалланган, лекин бугунги кунда болаларнинг сони 15 дан ортиқ. Чунки остонага келган болаларни қайтариб юборолмаймиз, шунинг учун иложи борича уларни қабул қилишга харакат қиламиз", - дейди меҳрибонлик уйининг директори Тамара Токтомаметова.

“Олтин уя” мехрибонлик уйи 2006 йили Тамара Токтомаметова томонидан очилган. Тарбияланувчилар бу ерда яшаш билан бирга юқори даражали муаллимлар қўлида таълим ҳам олишади.

"Болаларга бу ерда инглиз, рус, корейс тиллари ўргатилади, бундан ташқари болалар учун атайин театр студияси ҳам бор. Уларни ўқиб, билим олишлари яхши. Бироқ уларни кийим-кечаги учун мэрия тарафидан оз пул ажратилади, шунинг учун ўзим томонимдан ҳам ҳаражат қилишимга тўғри келади. Бир боланинг бир кунлик овқатланиши учун 80 сом ажратилади, бу жуда оз, болалар учун камлик қилади", - ўксинади Тамара Токтомаметова.

Жамиятимизда охирги вақтда фарзандини ташлаб кетувчи оналар сони ортиб бормоқда. Чақалоғини бағрига босиб, уни ёмонликдан муҳофаза қилиш ўрнига ахлатхоналарга ташлаб кетувчи аёлларга Тамара опа Токтомаметованинг ачингиси келади. Опанинг сўзига кўра, гўдак хидини англай олмаган она ҳаттоки аёл деб хам аталиши мумкин эмас. Бундайларни “аёл қиёфасидаги махлуқ” деб атайди мехрибон Она.

Муаллиф: Акхад Ортиков

Муҳаррир: Ҳулкар Исамова