АҚШ учоғи қулаган ерда инсон жасади қолдиқлари топилган

662

fotografiya-1

Самолёт учувчиларига тегишли экани айтилаётган инсон жасади фрагментлари ФҲМ ходимлари тарафидан 4 май куни топилди. Америка ҳарбий учоғи KC-135 3 май куни Қирғизистон шимолидаги Чалдовар қишлоғи яқинида қулаган эди.

Фавқулотда ҳолатлар министрлигининг хабар қилишича, жасад қолдиқлари учоқнинг бош тарафи қулаган ердан топилган.

Министрликка кўра, учқичнинг бош қисми унинг асосий қисми қулаган ердан бир неча чақирим узоқликда қулаган.

«Қанча инсон жасади топилгани ҳозирча номаълум. Бу фақат инсон жасадининг куйиб кетган фрагментлари», — деди Kloop.kg билан суҳбатда ФҲМ матбуот котиби Анара Мамбеталиева.

Аввалроқ «Манас» Транзит юк ташиш маркази ҳодиса юзасидан хизмат текширувини бошлаганини хабар қилганди.

Америка ҳаво кучларига қарашли KC-135 учоғи Чуй вилоятининг ғарбида ҳалокатга учраганди.

У 3 май куни АҚШ ҳаво кучлари тарафидан Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатлар учун қўлланиладиган «Манас» Транзит юк ташиш марказидан учиб чиққандан сўнг қулаган.

Фожеа гувоҳига айланган маҳаллий яшовчилар учоқнинг ҳавода портлагани ва учга бўлиниб ерга тушганини айтишганди.

Ҳодиса жойига борган Панфилов туман давлат маъмурияти бошчиси муовини Канат Давлетов ҳам учоқ ҳавода портлаганини ва учга бўлиниб ерга қулаганини тасдиқлаганди.

«Самолёт ҳавода портлади ва осмонда учга бўлиниб ёнган ҳолда ерга қулади [...] У ёнилғи билан бўлганми ёки йўқми билмадим, лекин у бу ерда [ҳодиса жойида] яхшигина ёнди», — дейганди у ҳодисадан кўп ўтмай воқеа жойига борган Kloop.kg мухбири билан суҳбатда.

Ҳодиса жойига борган Kloop.kg мухбири Эльдияр Арыкбаев учқич қолдиқлари катта майдонга сочилиб кетганини тасдиқлади.

«Самолёт бир неча қисмга бўлиниб кетган, мен фақат унинг қанот қисмини кўрдим. Қолган парчалари тоғ устида қолиб кетган», — деди у.

Мухбирга кўра, самолётнинг бош қисми тоғ устига қулаган ва қутқарувчилар тарафидан энг охирида топилган — тоғнинг энг юқори қисмига қулаган учоқнинг бош қисми тўлиғи билан куйиб кетган.

Экипаж аъзоларининг тақдири кўп вақтгача мавҳум қолаётган эди — учоқ ҳалокатга учрагандан сўнг улар бедарак йўқолган деб тахмин қилинаётган эди.

Ҳозирги маълумотларга кўра, «Манас» Транзит юк ташиш марказидан учиб чиққан ва ҳалокатга учраган самолёт ичида уч экипаж эъзоси ва 60 тоннага яқин ёнилғи бўлган.

Kloop.kg мухбирлари воқеа жойидан самолётга тегишли қонга беланган хавфсизлик камарини топишди ва ФҲМга топширди.

Қирғизистон Бош вазири Жанторо Сатибалдиев ёнилғи ташувчи учқичнинг ҳалокатга учраши юзасидан ўша куни шошилинч йиғин ўтказди.

Сатибалдиев ҳодисани ўрганиш учун махсус комиссия тузиш буйруғини берди — комиссияга транспорт ва коммуникация министри Каликбек Султанов бошчи этиб тайинланди.