Чақирув кубоги: Қирғизистон 1-0 Макао

649

Футбол бўйича Қирғизистон терма жамоаси Осиё футбол конфедерациясининг Чақирув кубогида Макао термасини мағлуб этди.

«Дордой»лик футболчи Дэвид Тетте тарафидан биринчи таймнинг сўнгги дақиқасида киритилган гол учрашувда ягона бўлди.

Маки Куманинг чап тарафдан ошириб берган тўпини аниқ дарвозага йўллаб Тетте макаоликлар дарвозабони Хо Ман Файни доғда қолдирди.

Қўйиб юборилган голга қарамай, Макао термаси дарвозабони учрашувнинг қаҳрамонларидан бирига айланди — дарвозабон бир неча бор жамоасини қийин вазиятларда қутқариб қолди.

Рақибидан кучлироқ ҳисобланувчи Қирғизистон термаси ўйиндаги устунликка эга бўлди, бироқ улар уюштирган кўплаб ҳужумлар самарасиз якунланди.

B гуруҳи ўйинлари мезбони ҳисобланган Қирғизистон терма жамоаси ўйиннинг 3 дақиқасидаёқ хавфли тус олди - Даврон Аскаров, Ильдар Амиров ва Мирлан Мурзаевлар тарафидан рақиб дарвозасига берилган кетма-кет зарбаларга бироз аниқлик етишмади.

Мурзаев Макао дарвозаси олдида кўплаб хавфли вазиятларни уюштиришга эришди.

Ўйиннинг 26 дақиқасида у йўллаган зарбанинг дарвоза тўридан жой олишига дарвоза устуни ҳалал берди.

Макаонинг уюштирган оз сонли ҳужумлари асосан ўйиндан ташқари ҳолатлар билан якунланди.

Ўйиннинг иккинчи бўлимида майдонга тушган Қаюмжан Шарипов чап тарафдан ҳужум уюштириб бир неча бор жамоадошларига тўп етказиб берди, лекин марказий ҳужумчилар бу имкониятларни қўлдан бой берди.

Қирғизистон терма жамоаси бош мураббийси Сергей Дворянков ўйиндан сўнги матбуот анжуманида натижадан қониққанини, бироқ ўйинчилар кўрсатган ўйиндан қониқмаганини билдирди.

«Биринчи бўлимнинг 15 дақиқасидан сўнг жамоа прессингни қўйиб юборди. Бошқа жамоалар билан учрашувда биз кўпроқ гол урардик», — деди Дворянков.

Қирғизистон ўзига жуда муҳим ғалабага эришди ва Покистон термасини ҳудди шу натижа билан мағлуб этган асосий рақиби Тожикистон билан очколар сонини тенглаштирди.

19 март куни ўтиши режалаштирилган турда Тожикистон термаси Макао билан, Қирғизистон эса Покистон билан майдонда курашади.