Ҳамдўстлик кубоги: Эстонияни мағлуб этган Қирғизистон 9чи ўринни олди

629

Футбол бўйича Қирғизистон ёшлар терма жамоаси Ҳамдўстлик кубогида рақиби Эстонияни мағлуб этиб, мусобақада 9чи ўринни эгаллади.

Мусобақанинг тўққизинчи ўрини учун ўтган ўйинда Қирғизистон ва Эстония терма жамоалари асосий вақтни 2:2 ҳисобидаги дуранг билан якунлади ва ўйин ғолибини пеналтилар серияси аниқлади. Унда рақибларидан кўра аниқроқ ўйин кўрсатган қирғизистонлик футболчиларнинг қўли устун келди.

Асосий ўйиндаги ҳисобни эстонияликлар учрашувнинг 13 дақиқасидаёқ очишди. Рақиб ҳимоячиси Эркки Юнолайненнинг Қирғизистон дарвозасига йўллаган зарбаси дарвоза тўридан жой олди.

Ўйиннинг 25 дақиқасида ҳакам рақиб жамоаси дарвозасига пеналти белгилагандан сўнг, қирғизистонлик футболчиларда ҳисобни тенглаштириш учун ажойиб имконият туғилди, бироқ Қаюмжан Шарипов бу имкониятдан фойдалана олмади.

Омадсиз пеналтидан беш дақиқа ўтиб Қирғизистон термаси сардори Валерий Кичин рақиб дарвозасини ишғол қилди ва ўртадаги ҳисобни тенглаштирди.

Бир имкониятни йўққа чиқарган Шарипов ўйиннинг 52 дақиқасида ўз хатосини ўнглашга эришди ва унинг урган голи жамоани олдинга олиб чиқди.

Бироқ рақиб жамоа осонликча ўйинни бой бериб қўймади, қарши уюштирилган қатор ҳужумлар ўз самарасини берди ва 68 дақиқага келиб ҳисоб яна тенглашди.

Ўйиндан сўнг ўтган пеналтилар сериясида эса Қирғизистон рақибга нисабатан аниқроқ ўйин кўрсатди ва 4:3 ҳисобидаги голлар сони Ўрта осиёлик ўйинчиларга ғалабани туҳфа этди.

Ушбу мусобақада Қирғизистон ёшлар терма жамоаси ўзининг ўтган йилги натижаларини қайд этди. Ўшанда ҳам қирғизистонликлар рақиби Эстония термаси бўлган ва ҳисобдаги 2 гол фарқи билан осиёлик футболчилар ғалаба қозонганди.

Қирғизистон терма жамоаси бош мураббийи Анарбек Осмонбеков ўйиндан сўнг жамоа ўйинидан кўнгли тўлмаганини яширмади:

«Бирга-бир чиққанда уролмадик. Пеналтини уролмадик. Баъзиларнинг бошидаги олтин тожи ўсиб кетганга ўхшайди. Улар учун бутун жамоа ишласа, улар ўзини юлдуз деб ҳисоблай бошлашибди», — деди Осмонбеков ўйиндан сўнг ўтган матбуот анжуманида.

Ҳамдўстлик кубоги — Собиқ советлар иттифоқи давлатларининг ёшлар терма жамоалари ўртасида ўтади.

Аксар мусобақалардан фарқли равишда, Ҳамдўстлик кубогида гуруҳдан чиқолмаслик мусобақани тарк этишни англатмайди — ўз гуруҳида сўнгги ўринни эгаллаган Қирғизистон мусобақанинг қолган аутсайдерлари билан тасалли раундида 9 ўрин учун курашди.

Ҳамдўстлик кубоги ҳар йили қишда ўтувчи мусобақа. 2012 йилгача унда МДҲ чемпион клублари иштирок этарди. Жорий йилдан бошлаб эса мусобақада собиқ советлар иттифоқи давлатларининг ёшлар жамоалари иштирок эта бошлади.

Авторы: Шерзод Бабакулов