Футбол бўйича ўтказилувчи Чақирув кубоги сараш баҳсларида Қирғизистон термаси қўшни Тожикистон, Покистон ва Макао билан бир гуруҳга тушди.
Қирғизистон ва яна Осиёнинг уч терма жамоаси ўрин олган В гуруҳининг барча ўйинлари 2013 йилнинг мартида, Бишкекнинг Омурзаков (собиқ «Спартак») ўйингоҳида ўтказилади.
Саралаш баҳсларида беш гуруҳга бўлинган Осиёнинг 20 жамоаси беллашади. Гуруҳлар ғолиблари ва энг яхши натижа кўрсатиб иккинчи ўринни эгаллаган икки жамоа 2014 йил Малдивда ўтиши кутилаётган мусобақанинг финал босқичига йўл олади.
Гуруҳлар таркиби 11 декабр куни Осиё Футбол федерациясида ўтказилган қуръада аниқланганди.
Ўз ўрнида мусобақа тарихида рақибларидан самаралироқ ўйин кўрсатган Қирғизистон ҳамда Тожикистон терма жамоалари B гуруҳининг фаворитлари ҳисобланади.
Қирғизистон Футбол федерацияси матбуот котиби Канат Асенов барча ўйинларни ўз уйида ўтказувчи Қирғизистон термаси гуруҳда биринчи ўринни эгаллаши лозимлигини айтади.
«Тожикистон — асосий рақиб. Кучлар тенг, лекин ўз қадрдон мухлислари ва ўйингоҳи жўрлигида Қирғизистон ғалабани қўлга киритиши керак», — деди Асенов.
Қирғизистон ўз тарихида иккинчи марта мазкур мусобақа саралаш баҳсларига мезбонлик қиляпти — 2008 йилда ҳам C гуруҳининг барча ўйинлари Бишкекда ўтганди.
Мазкур мусобақа ғолиби 2015 йилда ўтувчи Осиё чемпионатига йўлланмани қўлга киритади.
Чақирув кубоги 2012нинг саралаш баҳсларида ҳам Қирғизистон термаси Тожикистон билан бир гуруҳга тушганди.
Ўшанда Тожикистон терма жамоаси Қирғизистонга нисбатан кучлироқ ўйин кўрсатиб, 1:0 ҳисобида қўшниларини доғда қолдирганди.
Бу мағлубият Қирғизистонни мусобақанинг финал йўлланмасидан мосуво қилганди.
Айни пайтда, Чақирув кубоги — Осиёнинг футбол бўйича энг кучсиз терма жамоалари ўртасидаги мусобақа эканига қарамай, Қирғизистон унинг финал босқичига фақат икки марта чиқа олган.
Мазкур мусобақада Қирғизистон энг самарали натижани 2006 йилда кўрсатганди, ўшанда Қирғизистон термаси мусобақанинг ярим финалигача етиб, унда Тожикистонга 0:2 ҳисобида ўйинни бой берган.