Ҳамдўстлик кубоги: Қирғизистон чорак финалга чиқа олмади, бироқ тўққизинчи ўрин учун курашни давом этдиради

776

Ҳамдўстлик Кубоги мусобақаси гуруҳ учрашувларининг барчасида мағлубиятга дучор бўлган Қирғизистон ёшлар термаси олтин медаллар учун курашдан махрум бўлди. Бироқ мусобақа янги формуласига мувофиқ, ёш футболчилар омади кулмаган бошқа жамоалар билан 9чи ўрин учун беллашадилар.

Латвия жамоси билан кечган кескин ўйиндаги 2-3 ҳисобидаги мағлубиятдан сўнг, қирғизистонлик ёш футболчиларни 21 январ куни Украина жамоаси йирик 0:4 ҳисобида доғда қолдирди.

Гуруҳ ўйинларининг сўнгиси ҳам Қирғизистон термаси учун омадсиз бўлди . Унда қирғизистонлик чарм тўп усталари Молдова термасига бас келолмадилар — ҳисоб 1:2.

Украина билан бўлган беллашувда барча голлар биринчи таймда киргизилиб учрашув тақдири ўйиннинг биринчи бўлимидаёқ ҳал бўлган бўлса, Молдавия билан учрашувда қизғинлик ўйин сўнгигача сақланиб қолди.

Учрашувнинг биринчи бўлимида ҳар иккала жамоа дарвозаси дахлсизлигича қолди. Ўйиннинг 69 дақиқасида молдовалик ўйинчи Плэтикэ жарима тўпидан қирғизистонликлар дарвозасини ишғол қилди.

Мурат Жумакеев шогирдлари ўтказиб юборилган голдан ўзларини йўқотиб қўймадилар — 6 дақиқадан сўнг Қаюмжан Шарипов жавоб тўпи йўллашга муваффақ бўлди.

Бироқ учрашувнинг 81 дақиқасида молдовалик Иона Жарданнинг Қирғизистон дарвозасига жарима тўпидан киргизган голи учрашув тақдирига ўз нуқтасини қўйди.

Ўйин Молдавия фойдасига ҳал бўлганига қарамай, Россия футбол иттифоқи қирғизистонлар ўйинини юксак баҳолади.

«Қирғизистон жуда қизиқарли ўйин кўрсатди, бироқ Молдавия жамоаси прагматик ўйин ҳисобига ғалабага эришди», — дейилади иттифоқ сайтида.

Бошқа мусобақалар тартибидан фарқли ўлароқ, Ҳамдўстлик Кубогида кучсиз жамоаларга тасалли берувчи раунд бор.

Ўз гуруҳларида энг сўнгги ўринни эгаллаган уч жамоа ҳамда гуруҳида учинчи ўринни эгаллаган энг ёмон жамоа 9чи ўрин учун доравий тартибда курашни давом этдирадилар — яъни, тўртала жамоа бир бирлари билан ўйнаб чиқадилар.

Бу тартибга мувофиқ, Қирғизистон ёшлар термаси мусобақада яна уч ўйин ўтказади.

Тартибнинг ўзгариши

Ҳамдўстлик Кубоги бу йил янги тартибда ўтяпти — авваллари унда МДҲ ҳамда Болтиқ бўйи давлатлари чемпион клублари иштирок этса, 2012 йилдан бу тартиб ўзгариб мусобақага собиқ Советлар союзи давлатларининг ёшлар термаси таклиф қилинди. Шунингдек Эроннинг ёшлар термаси ҳам мусобақага таклиф қилинган.

Ўйинлар Россиянинг Санкт Петербург шаҳридаги «Петербургский» спорт комплексида ўтмоқда.

Бу йилги мусобақада кавказнинг ҳар уччала давлатлари ҳамда 2008 йил Россия билан бўлган урушдан сўнг МДҲни тарк қилган Грузия қатнашмаяпти.

Шунингдек мусобақага Ўзбекистон ёшлар термаси ҳам бормаган.

Шу тариқа мусобақада уч гуруҳга бўлинган 12 терма жамоа қатнашяпти.

Ўз гуруҳларида биринчи ва иккинчи ўринни олган жамоалар ва гуруҳда 3 ўринни эгаллаган икки жамоа чорак финалга чиқадилар.

Муаллиф: Бектур Искендер

Суратда: Қирғизитон-Молдова учрашуви, фото мусобақанинг расмий сайтидан олинди