Қирғиз тилидаги «Википедия» ярим йил ичида уч баробарга кўпайди

796

Қирғиз тилида юритилувчи «Википедия» 2012 йилга 4500дан зиёдроқ мақолалар билан кирди. Ўтган йилнинг июл ойида мазкур энциклопедияда фақатгина икки мингга яқин мақола бор эди.

Бу йилги кўрсаткичлар дунёнинг энг катта энциклопедияси ҳисобланмиш «Википедия»нинг қирғизчасидаги энг кўп тўлдиришлар бўлганини кўрсатмоқда — бунгача «Википедия»га бир йилда ўртача 100га яқин қирғиз тилидаги мақола қўшилар эди.

Лекин 2011 йилнинг июл ийидан бошлаб 2012 йилнинг январигача унда 3 мингга яқин қирғиз тилидаги мақола қўшилган.

Бу ўсишлар қирғиз тилидаги «Википедия»нинг муаллифлари ўтказаётган бир қатор учрашувлар самарасидир.

Бу каби учрашувлардан бири 2011 йилнинг сентябр ойида Иссиқкўл вилоятининг Бўзтери қишлоғида ўтди. Учрашувга йиғилган кўнгиллилар учрашув куниёқ «Википедия»га 500га яқин мақола қўшдилар.

Фаол «википедиачилар» орасида «Озодлик» радиосининг қирғиз хизмати собиқ директори Тинчтиқбек Чоротегин ҳам бор. Бугунги кунга келиб унинг ҳисобида 300га яқин мақола, 1000дан ошиқ қўшимчалар ва таҳрирлар бор.

«Ёш авлод учун бу биринчи уринишлар, шунинг учун мақолалар сифати турлича. Аммо биринчи қадам қўйилди, буёғига осон бўлиши табиий», — дейди Чоротегин «Википедия»да кундан кунга ўсаётган қирғиз тилли муаллифлар сифатини изоҳлаб.

«Википедиачилар» бош ҳомийларидан бири «Сорос-Кыргызстан» фонди мақолалар кўпаяётганини «катта ютуқ» деб ҳисоблайди.

«Сорос» фонди шунингдек мамлакатнинг беш университетига ҳар йили ушбу олийгоҳ талабалари «Википедия»га 1000 дан мақола қўшишлари талаби билан бепул вай-фай улаб берди.

Мазкур ҳамкорлик натижалари 2012 йил май ойида сарҳисоб қилинади. Ўқув йили якунида бепул интернет олган беш олийгоҳ талабалари қирғиз тилли «Википедия» ривожи учун қўшган ҳиссалари маълум бўлади.

Бироқ олийгоҳ мутасаддилари ушбу ташаббуснинг бундан буён тўхтамаслигига ишонч билан қарамоқдалар. Қирғиз Миллий Университети матбуот котиби Жээнбек Эралиевнинг айтишича, «Сорос» фонди билан ҳамкорлик тугагандан кейин ҳам олийгоҳ талабалари «Википедия»ни тўлдириб борадилар.

«Талабаларимиз ўзлари қандай қилиб мақола қўшиш мумкинлигини ўрганиб олдилар», — дейди Эралиев.

Давлат қўллови

Давлат муассасалари ҳам қирғиз тилини Интернетда ривожлантириш учун кўмак кўрсатиб келмоқда — масалан президент аппарати «Гугл-Транслейт» хизматига қирғиз тилини жорий қилиш лойиҳасини қўллаб келади.

«Википедия» дунёдаги энг катта Интернет энциклопедия ҳисобланиб, дунёнинг қарийб барча тилларида хизмат кўрсатади.

Дунё Интернет сайтлари орасида машҳурлиги билан олтинчи ўринда турувчи «Википедия»нинг ўзгачалиги унлаги барча маълумотлар фойдаланувчилар тарафидан ёзилади ва таҳрир қилинади.

Энциклопедиянинг бундай очиқлиги кўпинча ундаги маълумотларнинг ишончли эканига шубҳа солиб келади. Бироқ инглиз ва немис тилидаги «Википедия»ни текшириб ўтказилган бир қанча йирик тадқиқотлар омматан энциклопедияга ишониш мумкинлигини кўрсатди.

Ҳозирги кунда инглиз тилли «Википедия»да 4 миллиондан ошиқ мақола бор.

Албатта қирғиз тилли «Википедия» инглиз тилидаги «Википедия»дан катта фарқ билан ортда қолаётган бўлса-да, бироқ қирғиз тилли «Википедия» минтақада энг тез ўсаётган энциклопедия ҳисобланади.

Ҳозирги кунда ўзбек тилли «Википедия»да 7 мингдан ошиқ мақола бўлса, тожик тилида эса мақолалар сони 9 мингдан ошади. Ўрта Осиёдаги тенгсиз энциклопедия ҳозирча қозоқ тилида — мазкур тилда 120 мингга яқин мақола бор.

Рус тилидаги «Википедия» эса дунё Интернет энциклопедиялари ичида 800 минг мақола билан саккизинчи ўринда туради.

Муаллиф: Элмурат Аширалиев