Бишкекда 4D форматдаги кино дебюти бўлиб ўтди

833

18 август куни Бишкекда ҳидли тўламетражли фильм намойиш этилди. «Шпион болалари 4» 4D форматдаги фильм пойтахт кинотеатрлари тарихида биринчи ҳидли кино бўлди.

4D форматдаги фильмнинг ғаройиблиги шундаки, томошабин аҳён - аҳёнда фильм қаҳрамони ҳис қилаётган ҳидларни ҳис қилиш имкониятига эга бўлади.

«Шпион болалари 4» фильмини намойиш этаётган «Россия» кинотеатрининг фейсбукдаги саҳифасига мувофиқ, фильм намойишидан аввал барча томошабинларга ҳид таратувчи аримаскоплар берилади.

«Муайян бир вақтда экранда рақам пайдо бўлади ва сиз шу вақтда аромаскопдаги мувофиқ рақамли доирачани ишқалашингиз керак бўлади. Шунда сиз ҳам сьюжет бўйича фильм қаҳрамони ҳис қилган ҳидни ҳис қилишингиз мумкин бўлади», —дейилади кинотеатр саҳифасида.

«Россия» кинотеатри маркетологи Сайаана Назарованинг айтишича, 4D фильмнинг премьерасини томоша қилмоқчи бўлганлар «жуда кўп».

«Россия» кинотеатри бошқа фильмларни ҳам шу форматда намойиш этишни режалаштираётганини ҳам айтиб ўтди маркетолог.

«Шпион болалари» фильмига чиптанинг нархи 120 - 250 сомнинг атрофида. «Оддий» фильмлар чипта баҳоси эса, 100 сомдан 230 сомгача. 3D-фильм ҳаваскорлари ўз роҳатлари учун 150 сомдан 250 сомгача тўлашлари керак бўлади.

Конкурентлар

«Россия»нинг асосий рақобатчиси — «Манас» кинотеатри ва «Синематика» кинотеатрлар тармоғи дастурида — «Шпион болалари 4» фильми йўқ.

«Синематика» кинотеатрлар тармоғига кирувчи «Ала-Тоо» кинотеатри вакили «Россия» кинотеатри қўллаётган 4D терминни ноўрин эканини айтди.

«Шахсий фикрим — бу шунчаки ҳидли 3D фильм», — деди «Ала-Тоо» вакили.

«Ала-Тоо» вакилининг билдиришича, улар ўз томошабинларини чалғитмоқчи эмаслар.

«Бизга келаётган томошабинлар кўп нарса кутади ва айни пайтда фақат ҳидли 3D фильмини томоша қила оладилар, биз бундай қилмоқчимасмиз», —давом этди у.

Пойтахтнинг энг охирги янгиланган кинотеатрларидан бири «Манас» ўз рақобатчилари «Синематика»дан фарқли ўлароқ, 4D форматдаги фильмларни йўлга қўймоқчи.

«Шунчаки биз бироз кеч қолдик, кейинги фильмлар 4D форматда бўлиши кутиляпти», — деди кинотеатр пиар-менеджери Султан Абдиганиев.