Қадамжой райони ҳокими сўзларига кўра, Баткен вилоятида бўлиб ўтган зилзиладан жабр тортган ижтимоий муассасаларни қайта тиклаш ишлари бошланди. Район шифохонасини тиклаш учун 1 миллион сўм ажратилди.
Баткен вилояти Қадамжой райони ҳокими Тўхтамат Ганиев районда прокуратура, ЗАГС ва милиция биноларини таъмирлаш ишлари бошланганини билдирди.
Унинг сўзларига кўра, зилзиладан жабр тортган район шифохонаси таъмири учун соғлиқни сақлаш вазирлиги 1 миллион сом ажратди.
Район бошчиси шунингдек 54 ўрта мактаблар тубдан таъмирга муҳтож эканини айтиб, яна икки мактабни эса қайта қуриш кераклигини билдирди.
Унинг сўзларига кўра, қайта тиклаш ишларига моддий ёрдам кўрсатмоқчи бўлганлар учун банкда махсус ҳисоб рақами очилган. Давлат жабр тортганларга компенсация ва фоизсиз қарзлар учун 17 миллион сом ажратган. Қадамжой яшовчилари ўзлари эса 100 минг сом жамлашга эришганлар.
«Кимнинг уйи авария ҳолатида бўлса, қайтармаслик шарти билан 50 минг сом, 15 йилда қайтариш шарти билан эса бефоиз 200 минг сом ссуда берилади», —деди Ганиев.
Унинг сўзларига кўра, жабр тортган кўп қаватли уйлар яшовчиларига муассаса 200 минг сом ва ер участкасини таклиф қилган. Ҳокимнинг айтишича, хозирча ер ва пул олишни истаганлар жуда кам.
«Жабр тортганлар давлат кўп қаватли уйлар қуриб беришини кутмоқдалар», —деди ҳоким.
Зилзила
АҚШ геология хизматига кўра, Баткен вилоятидаги зилзила магнитураси Рихтер шкаласи бўйича 6,2 баллни ташкил қилиб, чуқурлиги 9,2 километрда бўлган.
Зилзиланинг аниқ географик параметрлари — 40.130°N, 71.435°E.
Зилзила қаттиқлигидан унинг таъсири Ўш, Тошкент ва зилзила ўчоғидан 700 чақирим узоқликда жойлашган пойтахт Бишкеккача етиб борди.
«Фергана.ру» нашрининг хабар қилишича, тунда Ўзбекистон пойтахти яшовчилари орасида ҳам ваҳима кўтарилган.
BBC радиосининг ўзбек хизмати Ўзбекистон фавқулотда ҳолатлар вазирлигига таяниб хабар қилишича, сешанба куни соат 00.35да содир бўлган зилзилада Фарғона водийсида 13 киши ҳалок бўлган.
«Зилзила оқибатида Фарғона вилоятининг Риштон, Бағдод ва Ўзбекистон туманларида айрим эски уй-жойларга шикаст етган. Бунинг оқибатида 13 нафар фуқаро ҳалок бўлган, жароҳат олганлардан 86 нафарига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, уларнинг 35 нафари шифохоналарга ётқизилган», —дея вазирлик маълумотидан иқтибос келтиради радио.