Бош вазир маслаҳатчиси Фарид Ниязов Kloop.kgга берган интервьюда ҳуқуқ ҳимоячиси Тўқтайим Уметалиеванинг Қирғизистон пойтахти номини Манас дея ўзгартириш ташаббуси ҳукуматда кўрилмаслигини билдирди. Уметалиева сўзларига кўра, шаҳарнинг номи ўзгариши «халқнинг руҳий кўтарилиши»га олиб келади.
Қирғизистондаги нодавлат ташкилотлар иттифоқи бошчиси Тўқтайим Уметалиева ҳукуматга Бишкек номини Манас деб ўзгартиришни таклиф қилганди.
Ҳуқуқ ҳимоячиси Kloop.kg билан суҳбатда шаҳар номи ўзгариши қирғизистонликларга кўтаринки руҳни олиб келиши мумкинлигини айтди.
Уметалиева сўзларига кўра, айни кунларда қонуний ташаббус қатори шаҳар номи ўзгаришини истаганларнинг имзосини йиғувчи қўмита тузилмоқда.
«Шаҳар номи ўзгариши орқали биз муросага келишимизни хоҳлаяпман, ҳудди Манас бизни бирлаштиргандай. Пойтахт унинг номини олгандан кейин, биз бир халқ эканимизни тушуниб етади», —дея ҳисоблайди ҳуқуқ ҳимоячиси.
Бироқ, бош вазир Алмазбек Атамбаев маслаҳатчиси Фарид Ниязовнинг Kloop.kgга билдиришича, Бишкек номининг Манасга ўзгартириш ташаббуси ҳукуматда қаралмайди.
Ҳукумат матбуот хизмати бошчиси Қадир Токтогуловнинг билдиришича, давлат маъмурияти тарафидан шаҳар номини ўзгартириш ташаббуси бўлмаган.
«Манасга ёдгорлик ўрнатиш ҳақида парламент қарори бор холос», —деди Токтогулов.
Пойтахт мэри иса Омуркулов бутун дунёда Қирғизистон пойтахти Бишкек деб билишларини айтди.
«Шаҳар номи жуда тўғри ва муносиб қўйилган. Шунинг учун, шаҳар номини ўзгартириш зарурати йўқ», —деди шаҳар бошчиси.
Нафақахўр Галина Леонидовна шаҳар номини ўзгартириш жуда катта харажатларни талаб қилишини айтди.
«Бизда Манас аэропорти, Манас кўчаси, Манас ёдгорлиги бор. Шаҳарни ҳам Манас деб номлашнинг нима хожати бор? Шахсан мен барча нарса ўз ўрнида қолиши керак деб ҳисоблайман», —деди нафақахўр.
Шаҳарнинг бошқа яшовчиси Эмил Жумабаев шаҳар номини ўзгартириш тарафдори.
«Манас қирғиз халқи учун жуда кўп нарса қилган», —деди Жумабаев.
Айпубу Асановна ҳам Жумабаев фикрини маъқуллади.
Тўқтайим Уметалиева Қирғизистондаги 2005 йилдаги президент сайловларига ўз номзодини президентликка қўйган биринчи талабгор аёл, мамлакатдаги фаол ҳуқуқ ҳимоячиларидан бири.
«Бу масалани референдумда ҳал қилиш керак»
«Демократия ва фуқоролик жамияти учун» коалицияси бошчиси Динара Ошурахунова Уметалиеванинг Бишкек номини Манас деб ўзгартириш ғоясини «яхши» деб атади.
«Бу ғояни амалга ошириш қачонки мамлакатда яхши иқтисод бўлса, одамлар қўлида пул бўлса ўринли бўларди. Жамиятда ижтимоий фаровонлик бўлса бу каби ташаббусларни ишга ошириш мумкин», —деб билдирди Ошурахунова.
Ҳуқуқ ҳимоячиси фикрича, хозирги ҳолатда пойтахт номини ўзгартиришни таклиф қилиш «айб иш».
«Иқтисод бузилган, иш йўқ, болаларнинг ейдиган овқати йўқ. Менимча энг аввало шу ҳақда ўйлаш керак. Бу энг зарур бўлган муаммолар», —деди ҳуқуқ ҳимоячиси.
«Фуқоролар коррупцияга қарши» ҳаракати бошчиси Тўлейқан Исмаилова сўзларига кўра, Бишкек номини ўзгартириш масаласи референдумда ҳал қилиниши керак.
Ала-Тоо майдонида Манасга янги ёдгорлик
2004 йилда Бишкек марказий майдонига ўрнатилган ва бу вақт ичида икки инқилоб гувоҳи бўлган озодлик ҳайкали шаҳар мэрияси қошидаги қурилиш бошқармаси ишчилари томонидан 28 июлдан 29 июлга ўтар кечаси демонтаж қилинганди.
Жорий йилнинг 23 августига қадар демонтаж қилинган «Эркиндик» монументи ўрнига Манас достони қаҳрамони Манаснинг ёдгорлиги ўрнатилади.
28 июл куни тунда Бишкек марказий майдонига икки гуруҳ инсонлар йиғилдилар — бирлари ёдгорлик демонтажига қаршилик билдирган бўлсалар, иккинчилари билъакс, ҳукмат қарорини қўлладилар.
«Либерал ёшлар клуби» вакили Зина Абдурасулова ёдгорликнинг кўчирилишига қарши эканини билдирди.
«Манумент [озодлик] — қирғизистонликлар ҳуррияти тимсолидир. Баъзи давлатларда бу каби ёдгорлик умуман йўқ. Биз Манас учун ҳайкал қўйилишига қаршимасмиз, лекин озодлик манументининг кўчирилишини ҳам хоҳламаймиз», —деди Абдурасулова.
Бироқ, ёшлар парламенти вакили Мавлян Аскарбеков ҳайкалнинг кўчирилаётганини маъқуллаб, ёдгорликдаги аёл тимсолини «тушунарсиз» деб атади.
Манас ботир
Манас ўз номи билан аталувчи достон бош қаҳрамони. Унинг барча қирғизларни бириктирганлиги айтилиб келади.
«Манас» достони — дунёнинг энг узун достонларилан бири қатори ЮНЕСКО маданий меърослари сафига киритилган.
Қирғизистон пойтахтидада аэропорт ва кўча номлари Манас номи билан аталган. Талас вилоятида эса, «Манас Ордо» номли маданий марказ жойлашган.