Россия фуқоросининг онаси ўғлини Ўш милицияси қийноққа солаётганини айтмоқда

1083

Роҳила Бузурукованинг айтишича, 22 июн куни Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси ҳодимлари унинг ўғли Муҳаммадни қўлга олишган ва Қирғизистон фуқоросини ўлдирганликни тан олишга мажбурлашган. ИИБ бошчиси Марат Орозбаев Бузурукова сўзларини инкор этиб, унинг ўғли қонун доирасида қўлга олинганини айтмоқда.

Kloop.kgга берган интервьюсида Рохила опа ўғли Мухаммад Россия фуқороси экани ва у Россиядан ўтган йили июн воқеаларида қурбон бўлган укасининг йиллигига келганини айтди.

«Ўтган йилги тўполонларда, 2010 йилнинг 12 июн куни 1982 йилда туғилган мени иккинчи ўғлим Раҳматилло Бузруковни Амир Темур шаҳарчасининг Садриддин Айний кўчасида ўлдириб қўйишган. Шунинг учун биз йиллигини ўтказмоқчи эдик. Бир неча ҳафта аввал мени катта ўғлим Муҳаммаджон ҳам шу йиллигини ўтказиш учун Россиядан келган эди», — деди Роҳила хола.

Холанинг сўзларига кўра, ИИБ ҳодимлари унинг ўғлини қўлга олиб унинг қўл телефони ва паспортини олиб қўйишган.

«Соат 15ларда қўшнимиз Йўлдошбой ўғлимни милиция олиб кетганини айтди. Буни эшитиб мен дарҳол милицияга югурдим. У ерда бир милиционер чиқиб менга адвокат излашимни айтди. Ҳудди шу вақт мени ўғлимни кўчага олиб чиқишди – у зўрға юраётган эди. Мен ундан сени уришдими деб сўрасам битта милиционер уни қучоқлаб қулоғига бир нарса деб пичирлаганди болам менга «ҳаммаси яхши, ўзингизни эҳтиёт қилинг» деди», —деб айтди Роҳила хола Kloop.kgга берган интервьюсида.

Роҳила холанинг сўзларига кўра, ИИБ ҳодимлари унинг эри Бузуруков Маматазизни ҳам қўлга олишган.

«Тўполонларда йўқолган мошина Тожикистонда топилди, дейишди. Эримнинг мошина топилганидан сўнг уни аллақачон сотиб юборганини ва у ўғирлик тўғрисида ҳеч нарса билмаслигини айтишига қарамай, уни кўрсатма бергани олиб кетишди», —дейди Роҳила хола.

Кейинроқ маълум бўлишича, унинг эри ва ўғли 14 июн куни бир одамни ўлдирганликда айбланаётган экан.

«Аслида улар уни ўлдиришмаган, уни Ўш шаҳридаги Гульчинская кўчасида жойлашган бизни уйимизга ўғирлик учун кирганда ушлаб олишган. Эрталаб у ўғрини Амир Темур шаҳарчасидаги штабга олиб бориб топширишган. Унга кейин нима бўлганини биз билмаймиз», —деди Мухаммаднинг онаси.

Холанинг айтишича, Мухаммаднинг «ноқонуний қўлга олингани» учун ёрдам сўраб Россия консуллигига ва «Голос Свободы(Озодлик Садоси)» фондига ёзма равишда ёрдам сўраб мурожаат қилган.

«Ёлғон гапиряпти»

Ўш шаҳар ИИБ бошчиси Марат Орозбаев Kloop.kg билан суҳбатда Бузурукованинг барча иддаоларини инкор этди ва унинг қийноқлар қўллангани ҳақидаги гапи «тўлиқ ёлғон» эканини айтди.

«Уни [Махаммадни] ҳеч ким ургани йўқ, бунақа иш умуман бўлгани йўқ. Роҳила ҳеч нарсани тушунмай туриб кўп ёлғон гапирмасин. Биз уни ўғлини ўтган йили қилган жиноий иши учун қўлга олдик. У ҳозир вақтинчалик сақлаш изоляторида, тергов кетяпти», —деди Орозбаев Kloop.kgга берган интервьюсида.

Орозбаев сўзларига кўра, Мухаммад Бузуруков Россия фуқороси эмас.

«Уни Россия паспорти йўқ, у вақтинчалик сақлаш изоляторида Қирғизистон фуқороси қатори ўтирибди. У Россияда туғилган, лекин беш ойлигида уни отаси қариндошларига кўрсатиш учун Ўшга олиб келган ва у шу ерда қолган. У ўрисча иккита сўзни бир бирига қўшиб гапиролмайдику, қандай Россия фуқороси бўлсин? », —деб ўз сўзларини изоҳлади Орозбаев.

Kloop.kg билан интервьюда Россия элчилиги матбуот котиби Виктор Харченко ҳам Бузуруков Муҳаммад консуллик рўйхатида йўқлигини айтди.

«Бизнинг рўйхатда барча Россия фуқоролари бор. Мен Ўшдаги консуллигимизга ҳам қўнғироқ қилиб сўрадим, у ерда ҳам бу фамилия ва исмлик инсон йўқлигини айтишди», —деди Харченко Kloop.kgга берган интервьюсида.

«Юз фоиз қийноқлар қўлланилган»

Ўз исмини шкор этмасликни сўраган Ўшлик ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, қўлга олинган Муҳаммадга нисбатан қийноқлар «аниқ қўлланилган».

«Ҳеч кимга сир эмаски, бизнинг ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари томонидан юз фоиз ҳолатларда қийноқлар қўлланилади. Улар шундай уришадики, танада жароҳат асарлари қолмайди. Улар буни ҳеч қачон ўзлари тан олмайди», —дейди ҳимоячи.

Ҳуқуқ ҳимоячиси сўзларига кўра, кўпчилик ҳолларда қийноқлар қўлланилганини исботлаш жуда қийин.

«Милиция доим судмедэкспертиза ҳулосаларини талаб қилади. Уни олиш учун эса, адвокатга ариза топшириш керак, у эса прокурорга топширади. Прокурор кўриб чиқиб бир неча кунлан кейин судмедэкспертизани белгилайди. У эса бир неча ҳафта давом этади.

«Голос Свободы» фонди ҳодими Эльмира Эсенаманова Kloop.kgга улар фонди Бузуруковадан хат олганини ва ушбу ҳолатни кузатиб бораётганини айтди.

«Биз эрталаб Ўшлик ҳуқуқ ҳимоячиларидан ҳат олдик.Бизнинг ҳамкасбимиз уларнинг адвокати борлигини айтди. Шунинг учун биз ҳозирча вазиятни кузатиб борамиз», —деди Эсеноманова Kloop.kg билан суҳбатда.