Қирғиз-қозоқ чегарасидаги оғир юк машиналарининг тиқини икки баробарга камайди

406
Иллюстратив сурат. Манба: RFE / RL

Қирғизистон ҳукумати маълум қилишича, қирғиз-қозоқ чегарасидаги ўтказиш пунтклари штат тартибида ишлай бошлади. Аввалроқ Қозоғистоннинг божхона хизмати чегара тартибини кучайтиргани учун ўтказиш пунктларида 200дан ортиқ оғир юк машиналари тўпланиб қолган.

Қирғизистоннинг «Актилек — Автодорожный» назорат ўтказиш жойининг раҳбари Азамат Анарбаев «Азаттык»қа билдирганидек, Қозоғистон билан чегарадош ҳудудда оғир юк машиналарининг сони икки баробарга озайган.

Қирғиз ҳукумати 6-апрелда билдиришича, қирғиз-қозоқ чегарасидаги вазият «тартибга туша бошлади» ва ўтказиш пунктлари одатий тартибда ишлай бошлади.

«Қозоғистон томон 2019 йилнинг 5-апрелидан бошлаб кундалик маиший маҳсулотлар юкланган оғир юк ташувчи машиналарни аввалги тартибда ўтказа бошлади», — дейилади ҳукуматнинг пресс-релизида.

Чегарадаги тиқинлар икки мамлакатнинг делегациялари Қозоғистоннинг пойтахти Нур-Султонда сўзлашувлар ўтказгандан кейин камая бошлаган.

Бунга қадар Қирғизистон иқтисод вазирлиги Қозоғистон ҳукуматини ЕОИИнинг товарларни ички бозорда эркин айланиши бўйича низомини бузишда айблаган. Қозоғистон уларнинг чегара ходимлари тарафидан ҳеч қандай тартиб бузарликлар бўлмаган, қирғиз тараф эса юкларни яхши текширмайди деб билдирган.