Муҳожир маблағи: мақсадсиз харжлар

893

Россия марказий банки бу йил Қирғизистонга юборилган пул ўтган йилга нисбатан ортганини маълум қилди. Бунга Россиядаги инқирознинг камайгани сабаб қатори кўрсатилмоқда.

Мақоланинг асл нусхаси «Азаттык» радиосининг сайтида эълон қилинган.

Йил охиригача чет ўлкадан юборилган пуллар 2013-2014-йиллардаги кўрсаткичга етиб қолиши айтилмоқда.

Россиядан юборилган 1,9 млрд доллар

Россиянинг марказий банки маълумотига кўра, жорий йилнинг тўққиз ойида Қирғизистонга жисмоний шахслар банк орқали 1,286 млрд доллар ўтказишган. Бу ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан 21% кўп. Бироқ бу 2013-йилги тўққиз ойда ўтказилган пулнинг миқдоридан 16% кам.

Қирғизистон миллий банки маълумотига кўра, жами бўлиб, жорий йилдаги ўн ой ичида четдан юборилган пулнинг суммаси 1,940 млрд долларни ташкил қилди. Унинг ичидан Россиядан келган пул 1,9 млрд доллар, 3 млн ортиқ, АҚШдан, 0,5 млн етмаган пул Қозоғистондан ўтказилган.

Россияда ишлаётган қирғизистонлик муҳожир Азизбек Асабала бу йил ўтган йилга нисбатан уйига кўп пул жўнатган. У бунга ўтган йилги инқироз, ишсизлик сабаблигини айтади:

- Ўтган йили Қирғизистонда юриб, янги келганимда иш тополмай, дуч келган ишларни бажариб ҳар ойда 2-3 минг рублдан юборган эдим. Бу йил анча яхши. Ҳозир топган пулимга яраша 10 мингдан 20 минг рублгача юборяпман.

Иш топиш қулай бўлиб қолди

Қирғизистоннинг ЕОИИга аъзо бўлиши мухожирларнинг даромадини ошишига асос бўла олдими деган саволга муҳожирлар кўпинча салбий жавоб беришади. Улар, аксинча сўнги вақтларда муҳожирларга босим кучайганини таъкидлашади. Бизнинг суҳбатдошимиз ҳам Қирғизистонга ўтказилаётган пулнинг ортишига ўлканинг ЕОИИга киргани ҳеч қандай таъсир кўрсатмаган деб ҳисоблашади.

Азизбек Асабаланинг сўзларига кўра, инқироздан кейин Москвада иш топиш осон бўлиб қолди, шу сабабли Қирғизистондан келган мухожирларнинг сони ҳам ортмоқда:

- Ҳозир иш топиш осон бўлиб қолди. Рус тилини билмай келган йигит-қизларга ҳам осон иш топилади. Сабаби ҳамюртларимиз ҳам кўп ошхона-кафеларни очди. Гўзаллик салонлари, бозор ишлатганлар ҳам бор. Бу ерда ишлаётганларнинг кўпи ёшлар, 25 ёшгача десак ҳам бўлади. Мактабни тамомлаб келгани, битирмай келгани ҳам бор. Улар ҳам топган пулини кўпини уйига, ота-онасига юборади.

Москвада бир неча йилдан бери ишлаб келаётган эркин журналист Мадина Жапарова Қирғизистоннинг ЕОИИга аъзо бўлиши муҳожирларга муносабат юмшаб, ишга ўрнашиш осон бўлиб қолди деган фикрни айтди:

- Албатта, алоқаси бор деб ўйлайман. Қирғизистон ЕОИИга киради-кирмайди деган вақтда мухожирларимиз қийналишган. Ҳозир анча стабиллашиб қолди, аввалгидай эмас. Олдинлари ўзбексистонлик, тожикистонлик муҳожирлар билан бир хил ишларни бажаришса, ҳозир уларга анча яхши бўлди. Маошлари 30 минг рублдан юқори. 40-50-60 минг рубль олганлари ҳам бор. Бундан ташқари ўтган йили Россиянинг ўзидаги инқироз, иқтисодий санкциялар ҳам безор қилган. Бу йил ўзгариш бор, масалан қурилиш тармоғи қайта жонланди. Бизнинг йигитлар кўпинча қурилишда ишлашади.

Қирғизистонга россиядан энг кўп пўл ўтказилган йил бўлиб 2013-2014-йиллар ҳисобланади. Бу йиллари мухожирлардан ўтказилган пул 2 млрд долларни ташкил қилган. 2013-йили 2 млрд 80 млн доллар ўтказилса, 2014-йили мухожирлар 2 млрд 26 млн доллар ўтказишган.

Кейинги йили Россиядаги инқироз, рублнинг қадри тушиши сабаб пул ўтказиш икки марта камайган. Ўтган йили Россиядаги ҳамюртларимиздан 1,1 млрд долларгина пул келган. Экспертлар буни Россияга солинган турли иқтисодий санкциялар, рублнинг қадрсизланиши билан боғлашган.

Иқтисодчи Айилчи Сарибаев бу йил Россия озми-кўпми инқироздан чиқиб, мустақил ишлашни бошлгани бу ерда ишлаётган қирғизистонликларга ижобий таъсир қилди деб ҳисоблайди:

- Ўтган йили санкциялар янги кирган вақтда Россияда кучли инқироз бўлган. Қурилишлар тўхтй бошлаган, ишлаб чиқаришда силжиш бўлмаган. Қисқартирувлар кўпайиб, одамлар ишсиз қолган. Путиннинг кучли иқтисодий сиёсат юргиза бошлагани сабабли ишлаб чиқаришда ўсиш бўлди. Демак, ишчи кучига қайта талаб бор. Айниқса, Қирғизистондан борган мухожирлар каби арзон ишчи кучига талаб кўпаяди.

Россияда ишлаган қирғизистонлик муҳожирларнинг кўп қисмини 18-35 ёшдагилар ташкил қилади. Бу ёшдагилар одатда уйланиб, уй-жой қилиш мақсадида боришади. Бундай вазиятларда топган пулининг кўпини уйга юборади.

"Кенч-Казынанын" тақдири нима бўлди?

Ўтган йиллари муҳожирларнинг иссиқ-совуқда ишлаб топган пули тўй-томошалларга сарфланиб йўқ бўлмоқда деган сўзлар кўп айтилган эди. Шу сабабли ЖИА Бизнес бирлашмаси мухожирларнинг пулини ишлатиш ташаббусини кўтарган. Улар махсус ҳиссадорлик жамияти тузиб, бу орқали Қирғизистоннинг ўзида ишхоналарни очишни кўзлаган. Бироқ ташаббус мухожирлар томонидан қўлланмаган. Бу ташаббусга танқид билан қараган тадбиркор Гүлжигит Исаков таклиф Россиядаги инқироз вақтига тўғри келиб қолди деган фикрда:

- “Кенч-Казына” ҳиссадорлик жамиятини тузиш ташаббуси яхши эди. Бироқ унинг ташкил бўлиши дунё инқирози вақтига тўғри келиб қолди. Россияда санкциялар бошланди. Шу сабабли ҳам мухожирлар акция сотиб олишга рози бўлишмади. Шу сабабли бу ташаббус амалга ошмай қолди.

Иқтисодчи Айилчы Сарибаев бу ташаббусни давлат қўллаб бериши керак эди деб ҳисоблайди:

- Уларнинг пулини, қаерга, нимага, қандай сарфлашни ва қандай қайтаришга ҳукумат ўзи кфолат бериб, ишлатиши керак эди. Бунингсиз ҳам кимлардандир пул сўраб юрибмиз, бу мухожирларнинг пулини йўқотиб юбормай, ишлатишга ҳукумат кафолат берса бўларди. Бироқ бундай бўлмади. Кафолат бўлмаса, қийинчилик билан топган пулини ким бериб қўяди?

Россия марказий банки Ўзбекистон билан Тожикистонга юборилган пулнинг оқими, аксинча пастлаганини ҳам билдирди. Масалан, Ўзбекистонга тўққиз ойда 2,013 млрд. доллар ўтказилган. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан 14,4% оз. 2013-йили ўтган йили ўтказилган пулнинг ярмига ҳам етмайди. Ўша йили муҳожирлар Ўзбекистонга 6,5 млрд доллардан ортиқ пул юборишган.

Тожикистонга эса тўққиз ойда 1,432 млрд. доллар ўтказилса, ўтган йили бундан 14,5% кўп ўтказилган. Тожикистонлик мухожирлар 2013-йили юртига 4 млрд. доллар пул жўнатган.