Шакиев: Бишкекдаги тутун муаммоси Янги йилдан кейин парламентда муҳокама қилинади

43

Жогорку Кенеш қўмиталари Янги йил байрамларидан сўнг Бишкекдаги тутун муаммосини муҳокама қилади. Бу ҳақда 26 декабрь куни парламент йиғилишида маълум қилинди.

Депутат Бекешев парламент спикери Нурланбек Шакиевдан қўмиталарига тутун муаммосини биринчи даражали масала сифатида кўтаришни топширишни сўради.

«Бунақаси бўлмайди: маблағ ажратишди, кредитлар ва грантлар олишди, қарорлар қабул қилишди, лекин фойда бўлмаяпти. Қани, қарор қандай бажарилаётгани ҳақида маълумот эшитсак. Тутун сабаб онкологик ва бошқа касалликлар кўпаймоқда», — деди у.

Шакиев эса қўмиталарига бу топшириқ аллақачон берилганини айтди.

«Худо хоҳласа, керакли қўмиталар билан бу муаммони биргаликда кўриб чиқамиз», — деди спикер.

Бундан аввалроқ депутат Балбак Тўлобаев ҳукуматни тутун муаммосига эътиборсизликда айблаган эди. Унинг сўзларига кўра, ҳавони Кантидаги цемент-шифер заводи, Бишкек ИЭСи ва Қора-Кечи кўмир заводи ифлослантирмоқда.

Бишкек аввал ҳам дунёнинг энг ифлос шаҳарлари рейтингида етакчилик қилган. World Air Quality мониторинг маълумотларига кўра, ўшанда ҳаво сифати «хавфли» деб баҳоланган эди.

Октябрь ойи бошларида энергетика вазири Таалайбек Ибраев бу йил қишда пойтахтда тутун бўлмаслигига ваъда берган. Унинг айтишича, шаҳарда ҳавони ифлослантирувчи асосий манбалар — ҳовлидаги ҳаммомлар ва дизель ёқилғисида ишлайдиган автобуслар йўқ қилинган.

Аммо совуқ кунлар бошланиши билан Бишкек яна энг ифлос шаҳарлар рейтингида юқори ўринни эгаллади. Кейинроқ Экология вазирлиги ҳаво сифати ўлчов датчиклари нотўғри ишлаётганини ва ноаниқ маълумот бермоқда деб маълум қилди. Бироқ қирғизистонликлар ижтимоий тармоқларда пойтахтдаги тутун суратларини тарқатишда давом этмоқда.