ОАВ: Актау яқинидаги самолёт ҳалокати Чеченистондаги дрон ҳужуми билан боғлиқ бўлиши мумкин

44

Қозоғистоннинг Актау шаҳри яқинида Azerbaijan Airlines авиакомпаниясига тегишли, Боку – Грозний йўналиши бўйича учаётган самолёт ҳалокатга учради. Кейинчалик интернетда самолёт қолдиқларининг суратлари пайдо бўлди. Уларда ракета зарб этувчи элементлари ҳужуми натижасида пайдо бўлиши мумкин бўлган тешиклар кўринган, деб ёзади BBC.

Ўша куннинг ўзида Чеченистон хавфсизлик кенгаши раҳбари, Рамзан Қодировнинг жияни Ҳамзат Қодиров Грозний дронлар томонидан ҳужумга учраганини тасдиқлади, деб хабар берди «Агентство».

Қозоғистоннинг «Власть» нашри онлайн Flightradar24 хизмати маълумотларига таянган ҳолда хабар беришича, Embraer E190 самолёти Бокуни тарк этганидан ярим соат ўтгач, Россия ҳудудига етиб борганида радарлардан йўқолиб қолган.

BBC маълумотига кўра, GPS сигнали тахминан бир ярим соатдан сўнг қайта пайдо бўлган. Шу вақтга келиб, ҳаво кемаси Актау аэропорти йўналишига қараб ҳаракатланаётган ва бир неча марта айланиш қилган.

Учувчи ва авиация психологи Алексей Гервашнинг айтишича, самолётда баландлик ва тезликда муаммолар кузатилган.

Ҳалокатдан омон қолган йўловчи Субҳонкул Раҳимов RT телеканалига самолёт Грознийга етиб боргани ва уч марта қўнишга уриниб кўргани, аммо охиргисида «нимадир портлагани» ҳақида маълум қилди.

«Мен самолёт ичида портлаган деб айта олмайман. Мен ўтирган жойда ёнбошимдаги қоплама учиб кетди. Жилетни олдим, қарасам: жилетда тешик бор — парча теккан», — дейди у.

Бошқа йўловчилар томонидан тасвирга олинган видеоларга қараганда, самолёт ичида парчалардан зарар кўрган бошқа жойлар ҳам бор. Шунингдек, видеода қон лойқаси ва кислород ниқоблари кўринган.

Қозоғистон бош вазир ўринбосари Канат Бозубаев ҳалокат юзасидан ҳатто дастлабки хулосалар қилиш ҳам ҳали эрта эканини билдирди. Ҳозирда мамлакат томонидан тергов ўтказилаётганини қўшимча қилди.

Шу билан бирга, Россия авиация хизматлари самолёт бошқарувини йўқотганини қушлар тўдасига дуч келгани билан боғлади. Натижада қўмондон «захира аэродромига учишга» қарор қилган. Кейинчалик Россия фавқулодда хизматлари вакиллари асосий версия сифатида «асосий тизимлардан бирининг ишдан чиқиши»ни кўрсатишди.

Ҳалокатга учраган самолёт бортида 20, 26 ва 36 ёшдаги уч нафар қирғизистонлик бўлган. Уларнинг барчаси омон қолган ва ҳозирда шифохонада даволанмоқда. Қирғизистон ТИВ маълумотларига кўра, фақатгина 20 ёшли А.Р.Т. оғир аҳволда.

Охирги маълумотларга кўра, ҳалокат натижасида 69 кишидан 38 нафари ҳалок бўлган. Озарбайжонда 26 декабрь авиафалокат қурбонлари хотирасига мотам куни деб эълон қилинди.