Ҳуқуқ ҳимоячиси: Журналистлар ҳатто охири замон бўлса ҳам ўз фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга

41

Ҳуқуқ ҳимоячиси Гулшайир Абдирасулова 23 декабрь куни Бишкекдаги 1-СИЗО яқинида икки нафар «Азаттиқ» журналистининг ҳибсга олинишини танқид қилди.

Абдирасулова Октябрь туман ИИБ ходимларининг журналистларни ҳибсга олишини митинг ўтказишга қўйилган тақиқ билан асослаганини қоралади. Унинг айтишича, мазкур тақиқ ҳақидаги қарорни ҳеч ким кўрмаган.

«Бу қарорнинг 1-СИЗОдаги вазиятга ва маҳбуслар яқинларига умуман алоқаси йўқ. [Яқинлари] хавотирда бўлгани учун келган, улар фақат қариндошлари соғлом ва тирик эканлигига ишонч ҳосил қилмоқчи бўлган […] Эндиликда касалхонага ташрифларни ҳам митинг деб атайсизми?»

Абдирасулова журналистлар ўз иш фаолиятини амалга оширишини ҳеч ким тўхтата олмаслигини, уларни ҳибсга олиш ёки тушунтириш хати ёздиришни талаб қилиш қонунга зид эканлигини таъкидлади.

«Журналистлар ҳатто охири замон бўлса ҳам ўз фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга. Хато қилган бўлсангиз, жасоратли бўлиб, қонунбузарликни тан олинг», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, милиция ходимлари 23 декабрь куни «Азаттиқ» ходимларини 1-СИЗО яқинидаги воқеаларни ёритиш чоғида ҳибсга олган. Улардан ҳодиса видеолавҳасини тақдим этишни талаб қилишган. Журналистлар рад жавоб берганидан кейин улар ички ишлар бўлимига олиб кетилган ва тушунтириш хатлари ёзганидан сўнг қўйиб юборилган.

Бишкек шаҳар ИИББ маълумотига кўра, Октябрь туманида митинглар ва норозилик акцияларини ўтказиш тақиқланган. Милиция 1-СИЗО яқинидаги йиғилишни «рухсатсиз акция» деб баҳолаб, иштирокчиларни ва журналистларни профилактик суҳбат учун олиб кетган.

1-СИЗОдаги маҳбуслар эса Чингиз Кожошевнинг ЖИХ раҳбари этиб тайинланишига қарши очлик эълон қилгани ҳақида хабар берилган эди.