Президент кўп болали оналар учун тўловларни тасдиқлади: тўртинчи ва ундан кейинги болалар учун 100 мингдан 2 миллион сомгача

37

Президент Садир Жапаров 23 декабрь куни кўп болали оналар учун  «Бала Береке» яккаратўловини жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Давлат раҳбарининг матбуот хизмати маълумотига кўра, ушбу фармоннинг мақсади — аҳоли демографик ўсиши учун шароит яратиш, кўп болали оналарни қўллаб-қувватлаш ва болаларнинг ҳар томонлама ривожланишига кўмаклашишдир.

Ушбу тўловлар фақат Қирғизистоннинг тоғли ёки узоқ ва қийин етиб бориладиган ҳудудларида яшайдиган аёлларга тааллуқлидир.

2025 йил 1 январдан бошлаб туғилган болалар ва улар бир ёшга тўлганидан кейин, оналар қуйидаги миқдорларда яккаратўлов олишлари мумкин:

🔸 тўртинчи бола учун — 100 минг сом;
🔸 бешинчи бола учун — 600 минг сом;
🔸 олтинчи бола учун — 800 минг сом;
🔸 еттинчи бола учун — 1 миллион сом;
🔸 саккизинчи бола учун — 1 миллион 200 минг сом;
🔸 тўққизинчи бола учун — 1 миллион 500 минг сом;
🔸 ўнинчи ва ундан кўп болалар учун — 2 миллион сом.

Президент мазкур  «Бала Береке» тўловларини тайинлашда ҳудуд коэффициентини қўлламасликни топширди. Ушбу тўловларнинг молиялаштириш манбалари, тартиби ва шартларини ҳукумат белгилайди.

20 декабрь куни учинчи Халқ қурултойида Садир Жапаров 2030 йилга келиб қирғизистонлик кексаларнинг улуши 7% га етиши мумкинлигини таъкидлади. Унинг айтишича, БМТ стандартларига кўра, бу кўрсаткич аҳолининг кексайишидан далолат беради.

Бундан аввал МХДҚ раҳбари Камчибек Ташиев қирғизистонлик аёлларни 5-10 та бола туғишга чақирган эди. Унинг фикрича, Қирғизистондаги оилалар кўп болали бўлиши керак, чунки бу давлат хавфсизлигига таъсир кўрсатади. У қўшни давлатларда аҳоли сони кўпроқ эканлигини таъкидлаган.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2024 йил 1 январь ҳолатига Қирғизистон аҳолиси 7,1 миллион кишини ташкил этган.