Қамоқхона яқинидаги митингни тасвирга олган «Азаттиқ»нинг икки  журналисти милицияга олиб кетилди

13

Бу ҳақда «Азаттиқ» радиоси таҳририяти маълум қилди.

Маълумотларга кўра, мухбир Максат Қутманбеков ва оператор Нурлан Бейшебаев СИЗО-1 яқинида йиғилганлардан бири билан интервью олишган. Шундан сўнг милиция ходимлари улардан видеони топширишни талаб қилишган ва журналистларни Бишкекнинг Октябрь тумани ИИБга олиб кетишган.

Бишкек ШИИБ матбуот хизмати ҳозирча «Азаттиқ» журналистлари билан боғлиқ вазиятга изоҳ бергани йўқ.

Бундан олдин, 24.kg нашрига маҳбусларнинг яқинлари СИЗО ва колониялардаги қариндошлари Чингиз Қожошевнинг Жазони ижро этиш хизмати раҳбари этиб тайинланганига қарши норозилик сифатида очлик эълон қилишганини маълум қилишган эди. 23 декабрь куни маҳбусларнинг яқинлари СИЗО-1 биноси яқинида йиғилишган.

ЖИХ хизмати «Клооп» нашрига маҳбуслар томонидан ҳеч қандай норозилик ҳаракатлари бўлмаганини маълум қилган. Улар барча муассасалар одатдаги тартибда ишлаётганини қўшимча қилишган.

20 декабрь куни бир қатор ОАВ СИЗО-1 камераларига махсус кучларнинг бостириб киргани ва қўлга олинганларни ургани ҳақида хабар тарқатган эди. Маҳбусларнинг шикоятларидан сўнг Омбудсман институти ходимлари уларни кўрикдан ўтказган, аммо «зўравонликнинг кўзга кўриниб турган излари»ни аниқламаган.